Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик натижасида Истанбул шаҳрида узоқ йиллардан буён халқаро қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси аниқланиб, қўлга олинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми (босқинчилик) билан айбланиб, 2017 йилдан буён қидирувда бўлган Ф.Ф.Н. Туркияда ушланди. Шу тариқа, унинг қарийб 9 йил давомида тергов ва жавобгарликдан яшириниб юришига чек қўйилди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан айбланиб, халқаро қидирувда бўлган А.М.А. ҳам қўлга олинди.
Мазкур шахслар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига топширилди. Айни вақтда уларга нисбатан тегишли тергов ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ваколатли идоралари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ҳамда уларнинг жавобгарликдан қочиб юришига йўл қўймаслик бўйича ҳамкорлик изчил давом эттирилмоқда.