Бугун 29 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

7 ойда 600 та ажрим. Бунга ким жавобгар?

A A A
7 ойда 600 та ажрим. Бунга ким жавобгар?

Жиззах вилоятида 2018 йилнинг биринчи ярмида 4 минг никоҳ расмийлаштирилган. Бу шунча тўй-тантана, шодлик, шунча оилада бахтиёрлик, дегани.

Албатта, ҳар кимни тўйга етказсин. Лекин инсон ҳаётида тўй бир марта бўлади. Атоқли шоиримиз Ғафур Ғулом ёзганидек, "Тўй ҳаётда учрагувчи тансиқ тантана”.

Аслида тўй қилиб, янги оила барпо этиш осон эмас. Аммо яхшилик йўлида орзу-ҳавас билан қилинган ташвишнинг оғирлиги унчалик сезилмайди. Бироқ ана шу эзгу орзунинг рўёбга чиқмай, барбод бўлиши қатор-қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Жорий йил январь-август ойларида вилоятда 600 та ажрим қайд этилгани кишини ташвишга солади, мулоҳазага чорлайди. Чунки бу шунча оиланинг барбод бўлгани билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келиши, демак. Ташвишланарлиси, ажралишганларнинг асосий қисми ёш оилалардир.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фуқаролик ажримларини расмийлаштириш жараёни такомиллаштирилишидан кўзланган мақсад ҳам оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Фармонда ФҲДЁ органларининг никоҳ муносабати масалаларини расмийлаштириш билан боғлиқ асосий фаолият йўналиши бўйича туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ва “Оила” илмий-амалий маркази ҳудудий бўлимлари билан мувофиқлаштирилиши ажримга ариза берган оилаларни чуқур ўрганиш имкониятини яратди.

Энди фуқаролик ишлари бўйича суд ҳам, ФҲДЁ бўлими ҳам ажралиш учун ариза берган оилалар мурожаатини ўрганиш учун ҳудудий хотин-қизлар қўмитасига жўнатади.

– Ҳозир айнан шу тартибда ишлаяпмиз, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторова. – Ажралиш учун ариза берувчиларнинг мурожаати улар истиқомат қиладиган маҳалла яраштирув комиссияси томонидан ўрганилиб, муҳокама қилинади ва аризачиларга ярашиш учун олти ойгача муддат берилади. Яраштириш муддати узайтирилгани ёшлар шошма-шошарлик билан қарорга келишининг олдини олади.

Шу асосда иш олиб борилиши натижасида жорий йилнинг ўтган 8 ойида ажралиш ёқасига келиб қолган 199 оиладан 129 таси яраштирилди. Бу ажрашиб кетган оилалар сонига нисбатан у қадар муваффақиятли натижа эмас. Аммо ажралиб кетишдан сақлаб қолинган оилалардаги болалар тақдири ҳисобга олинса, битта оила бузилишининг олди олиниши ҳам жамият учун катта фойда.

Эришилган натижалар ҳар бир ажралиш ҳақидаги ариза сабабларини чуқур ўрганиш оилани сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди. Шунинг учун илгари ажрим ҳақидаги ариза фақат томонлар иштирокидаги суд муҳокамасида ўрганилган бўлса, эндиликда уларнинг яшаш жойидаги маҳалла яраштирув комиссияси томонидан ўрганилаётгани масалага ёндашувни ўзгартирди. Бундан ташқари, эр-хотин бошқа-бошқа ҳудудларда яшаса, масалани ўрганишга ҳар бирининг яшаш жойидаги яраштирув комиссияси жалб этилмоқда.

Ана шу комиссиялар хулосаси хотин-қизлар қўмитаси қошида “Оила” илмий-амалий маркази мутахассислари, тажрибали психолог, ҳуқуқшуносдан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилиб, судга хулоса берилаяпти.

– Бу жараёнда маҳалла яраштирув комиссиясининг нечоғли малакали ишлаши ўта муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Абдумажид Сатторов. – Шу мақсадда маҳаллалардаги яраштирув комиссиялари таркиби қайта кўриб чиқилиб, тажрибали жамоатчи фаоллар жалб этилди. Халқимизнинг ўзига хос яшаш тарзи ва анъаналаридан келиб чиқиб, оилани мустаҳкамлашда маҳаллага таяниш яхши самара беради, албатта.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши мажлисининг 2018 йил 16 июлдаги йиғилиши баёни асосида август ойида “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлиги ўтказилгани бу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди. Ойлик давомида “Оила” илмий-амалий маркази вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида нотинч, ажрим ёқасидаги ва муаммоли оилалар рўйхатини шакллантирди. Оилалардаги муҳитни соғломлаштириш мақсадида мутахассислар, фаоллар ва оила маркази ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди.

Ишчи гуруҳлар аъзолари эр-хотин, қайнона-келин, қайнота-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича ҳар бир тараф билан якка тартибда суҳбат ўтказиб, муаммонинг туб моҳиятини аниқламоқда. Ҳозирга қадар бу тоифадаги жами 80 дан зиёд киши билан шундай суҳбат ўтказилди. Ўрганиш натижаси бўйича тегишли давлат ва жамоат идоралари билан ҳамкорликда оиладаги муҳитни соғломлаштириш, оилада вояга етаётган фарзандларга ижтимоий кўмаклашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ойлик давомида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, маданият, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда барча ҳудудларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича семинарлар ўтказилди.

Халқимиз оилани бежиз Ватанга қиёсламайди. Ҳар бир оилани Ватан ичидаги Ватан, деб билади. Дарҳақиқат, ҳар бири ўз қувончи, ўз ташвиши билан Ватан ичра Ватандир.

Давлатимиз томонидан оилалар, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга доимий ғамхўрлик кўрсатилаётгани, уларга имтиёзлар белгилангани ёш оилаларнинг оёққа туриб олишида мадад бўлаётир. Бу маълум муддатга белгиланган вазифа эмас, балки эзгу мақсад йўлидаги кенг кўламли дастурдир. Уни амалга ошириш ҳам бирор ташкилот, бирор амалдорнинг фаолияти билан чегараланмайди. Ватан ичра Ватан бўлган оилавий муаммолар кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан ечилади.

Manba: uza.uz

Киритилди: 16:56 04.10.2018. Ўқилди: 2620 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар