Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги «Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 122-сон Фармони ижроси юзасидан айрим нотўғри тушунчалар тарқалмоқда.
Балиқчилик маркази мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, амалдаги қонунчиликка кўра, умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида тақиқланмаган қурол ва усуллардан фойдаланган ҳолда 5 килограммгача балиқни бепул овлашга рухсат этилганини маълум қилди.
Ушбу тартиб бекор қилинмайди. Умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида 5 килограммгача балиқни бепул овлаш имкониятини пулли қилиш ҳам назарда тутилмаган.
Шу билан бирга, 122-сон Фармоннинг 3-иловаси 4-бандида спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм учун ташкил этилган хизматларни ягона тизимга жамлаш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш белгиланган.
Мазкур тизим орқали спорт-ҳаваскор балиқ овлаш учун махсус шароит яратган хўжаликлар ўз хизматларини ихтиёрий равишда ягона платформага жойлаштириши мумкин.
Ҳаваскор балиқ овловчилар эса «Fishermen ID» тизими орқали ўзига қулай ҳудудни танлаши, мавжуд шароит ва нархлар билан танишиши ҳамда бўш жойларни олдиндан банд қилиши мумкин.
Таъкидланишича, янги тизим умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида бепул балиқ овлаш имкониятини бекор қилмайди ва уни пулли қилишни назарда тутмайди.