Тошкент йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) илк бор пойтахтдаги бир суткалик транспорт ҳаракати кўрсаткичларини эълон қилди.
Марказ маълумотларига кўра, 4 сентябрь суткаси давомида пойтахт кўчалари ва йўлларидан жами 1 502 057 та транспорт воситаси ўтган. Бу кўрсаткич 1 487 250 тани ташкил этган 3 сентябрга нисбатан 14 807 тага (+1%) кўп.
Кун давомида 170 та йўналишда 1670 та автобус қатнаб, 1 228 158 нафар йўловчи ташилган. Тошкент метрополитени эса 862 053 нафар йўловчига хизмат кўрсатган.
ЙҲТЭМ Вазиятлар маркази мониторингига кўра, тиғиз вақтларда 6 та чорраҳада тирбандлик даражаси 7 баллга етган, 1 та чорраҳада эса 7 баллдан ошган.
Тирбандлик юқори бўлган ҳудудларда светофорларнинг иш режими мувофиқлаштирилган, зарур йўналишларда яшил чироқнинг давомийлиги узайтирилган. Муаммоли чорраҳаларда ҳаракатни тартибга солиш учун ЙПХ ходимлари жалб этилган, дейилади хабарда.
Кун давомида 4751 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати қайд этилган. 22 та йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган, улар оқибатида 4 киши оғир тан жароҳати олган.