Туркияда болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига доир янги чекловлар жорий этилмоқда. Мамлакатнинг расмий газетасида эълон қилинган янги тартибга кўра, ижтимоий тармоқ платформалари 15 ёшга тўлмаган болаларга хизмат кўрсата олмайди.
Туркия Президенти ҳузуридаги Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан тайёрланган ҳужжат 2026 йил 10 октябрдаги Resmî Gazete нашрида чоп этилди. Янги қоидалар 1 ноябрдан кучга киради.
Низом Туркиядан фойдаланиш мумкин бўлган маҳаллий ва хорижий ижтимоий тармоқларга татбиқ этилади. Платформалар янги ҳисоб очилаётганда фойдаланувчининг ёшини текшириши шарт бўлади.
Агар фойдаланувчининг 15 ёшга тўлмагани аниқланса, унга янги аккаунт очишга рухсат берилмайди. Аввалдан мавжуд ҳисоблар ҳам текширилади. Уларнинг ёшини тасдиқлаш жараёни 2027 йил 31 мартга қадар якунланиши керак. 15 ёшга тўлмаган болаларнинг мавжуд аккаунтлари эса ёпилади.
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкин, аммо улар учун махсус чекланган режим амал қилади. Бундай аккаунтлар автоматик равишда ёпиқ — шахсий аккаунт ҳолатида бўлади. Улар орқали жонли эфир очиш ва фойдаланувчининг хулқ-атвори асосида шахсийлаштирилган реклама кўрсатишга рухсат берилмайди.
Низомда болаларни платформаларда узоқ вақт ушлаб турувчи айрим механизмларга ҳам чеклов киритилган. Хусусан, «чексиз скроллинг» — контентни тўхтовсиз пастга суриб кўриш ва автоматик тарзда кетма-кет контент чиқариш функциялари 15–17 ёшли фойдаланувчиларга таклиф этилмаслиги керак.
Платформалар ота-оналар учун ҳам назорат воситаларини тақдим этиши шарт. Улар орқали боланинг аккаунт созламаларини назорат қилиш, ижтимоий тармоқда ўтказадиган вақтини чеклаш ва пуллик операцияларга рухсат бериш ёки уларни тақиқлаш мумкин бўлади.