Octotelecom контент-провайдери 13131 қисқа рақамидан юбориладиган СМС-хабарномалар — Humo карталари бўйича операциялар ва қолдиқ тўғрисидаги ахборот хабарлари нархи ўзгаришини эълон қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати 9 апрель куни маълум қилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ҳар бир кирувчи СМС-хабар нархи икки бараварга — 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилади.
Компанияга кўра, нарх ўзгариши техник инфратузилмани қўллаб-қувватлаш харажатларининг ошиши, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, хизматнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, энергия ресурслари ва лицензия тўловлари нархининг ошиши билан боғлиқ.
Ушбу хизматни ўчириш учун 13131 қисқа рақамига “СТОП” код сўзини СМС орқали юбориш керак.
Бундан ташқари, келгуси ойдан бошлаб Click тўлов ташкилоти томонидан тақдим этиладиган “880 СМС-хабардорномаси” хизмати нархи ҳам 168,40 сўм этиб белгиланади. Ушбу хизмат фойдаланувчиларга УССД-кодлар орқали амалга оширилган тўловлар ҳолати ҳамда карта уланган хизматлар бўйича хабарномаларни олиш имконини беради.
Humo тўлов тизими сайтида бир марталик олти рақамдан иборат ОТП-хавфсизлик кодлари СМС-хабарлар билан 13131 қисқа рақами орқали юборилиши кўрсатилган.
Бир марталик код фақат картага бириктирилган мобил рақамда ижобий баланс мавжуд бўлгандагина юборилади. СМС-хабар юбориш қиймати контент-провайдер тарифларига мувофиқ белгиланади. Бу хизмат эса Octotelecom томонидан кўрсатилади.