Электр самокатларни ижарага олиш хизматининг олтита операторидан ташкил топган Ўзбекистон микромобиллик ассоциацияси фуқароларнинг электр самокатлар ҳайдовчилари томонидан қилинган қоидабузарликлар тўғрисидаги шикоятларини қабул қилиш учун Telegram бот яратди.
«Бот орқали ҳар қандай фуқаро Ўзбекистоннинг барча кикшеринг операторларига мурожаат қилиши мумкин, — деди «Газета.uz»га Микромобиллик ассоциацияси вакили Конcтантин Кислов. — Мурожаат ботга юборилиши билан барча компанияларда кўринади, чунки ассоциация аъзоси бўлган ҳар бир оператор хизматга кириш имкониятига эга. Биз ҳар қандай истак, таклиф ва шикоятларни тинглаймиз».
Фуқаролар ботга матнли хабарларни ҳам, медиафайлларни ҳам юборишлари мумкин. Агар фотосуратлар ва видеода самокат рақами кўринса, шунингдек, қоидабузарликни аниқлаш вақти ҳам маълум бўлса, операторлар ушбу транспортдан ким фойдаланганини аниқлайди ва уни блоклайди.
Константин Кисловнинг сўзларига кўра, бот хизматдан фойдаланувчилар ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларни тезлаштириш учун яратилган. Ўзбекистонда электр самокатлар оммалашиб бораётгани сабабли резидентлар янги муаммоларга дуч келмоқда. Кўпгина фойдаланувчилар йўлдаги барча ҳаракат иштирокчилари учун риск туғдирган ҳолда, самокатларни хавфли бошқармоқда. Шахсий мобиллик учун ноқулай бўлган инфратузилма бу таҳдидни кучайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шаҳар аҳолиси, агар электросамокатлар тўхтаб туриш жойлари уларга ҳалақит қилаётган бўлса, «Халқ назорати» хизматига ҳам шикоят қилиши мумкин. Хизмат модераторлари сўровларни Микромобиллик ассоциациясига юборади, улар эса, ўз навбатида, мурожаатларни тегишли кикшеринг операторига жўнатади.
Константин Кисловнинг қўшимча қилишича, хизмат кикшеринг компанияларини фойдаланувчиларга яқинлаштириши мумкин. Бу хизмат сифатига ижобий таъсир кўрсатиши ва қоидабузарликларни камайтириши кутилмоқда.
Кикшеринг операторлари самокатларни ишлатиш ва бошқариш қоидаларини ижтимоий тармоқларда, шунингдек, мобил иловаларнинг оммавий офертасида эълон қилади.