Президент Владимир Зеленский Исроилда Владимир Путин билан музокара ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 12 март, шанба куни хорижлик журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Мен жаноб Беннетга (Исроил бош вазири – таҳр.) Россия, Украина ёки Беларусда учрашиш нотўғри ва ноконструктив эканлигини айтдим. Булар урушни тўхтатиш мумкин бўлган нуқталар эмас. Мен учрашув ҳақида гапиряпман. Исроил ҳам шундай ер, Қуддус бўлиши мумкинми? Менимча, ҳа. Ва мен унга бу ҳақда айтдим", деди Украина президенти.
Зеленский Ғарб сиёсатчиларининг позицияси ҳақида ҳам гапириб ўтди: “Улар кафеда ўтиришади ва бомба айнан мана шу кафега келмагунча, улар билан бу содир бўлишига ишонмайдилар ва шу пайтгача ҳеч ким осмонни ёпгани йўқ”.
Зеленский Мариуполга гуманитар йўлак ташкил этиш ҳақида ҳам гапириб ўтди: “Баъзи соқолли одамлар, чеченлар бор, улар инсулин, қанд касаллиги нима эканлигини тушунмайдилар... Натижа... Мариуполга яна бир карвон йўл олди – черковлар вакиллари ҳам у билан бирга кетишди. У ерда православ черковининг вакиллари бор, агар уларга ҳам ўқ узишса, буни ҳеч қандай сўз билан изоҳлай олмайман".