Мамлакат шимолидаги тоғли ҳудудларда беш кундан бери давом этаётган ёнғинларни ўчириш учун 1400 нафар ўт ўчирувчи ва 100 нафар ҳарбий сафарбар қилинди. Олов ҳозиргача 1373 гектар майдонни қамраб олган бўлиб, Оцути соҳилбўйи шаҳридаги аҳоли пунктларига хавф туғдиряпти. Ноқулай об-ҳаво ва кучли шамол сабабли шаҳар аҳолисининг учдан бир қисми, яъни 3200 дан ортиқ киши эвакуация қилинди.
Ҳарбий вертолетлар ёрдамида ҳаводан сув сепилаётган бўлса-да, қуруқ иқлим ва шамол ёнғиннинг тарқалишига замин яратмоқда. Метеорологлар яқин икки кун ичида ёғингарчилик кутилмаётганини, фақат сешанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкинлигини билдиришди. Ҳозиргача жиддий жароҳат олганлар ёки қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.