Хитойнинг Аньхой провинциясида минглаб автомашиналар мамлакатдаги энг йирик йўл тўлов пункти — Учжуан бекатида узоқ тирбандликда тўхтаб қолди. Бу ерда ҳаракат ҳар икки йўналишда ҳам 36 та бўлакка бўлинган, дея хабар беради маҳаллий ОАВлар.
Тирбандлик Миллий байрам ва куз ўрталари фестивали муносабати билан саккиз кунлик таътилнинг сўнгги кунида юзага келди.
Энг кучли тирбандлик G40 (Шанхай-Сиан) ва G42 (Шанхай-Чэнду) иккита миллий автомагистраль чорраҳасида кузатилди. Ҳафта давомида Учжуан бекати 860 мингга яқин транспорт воситасини қабул қилди ва ўтказди. Ўртача кунлик трафик ҳажми 120 мингдан ошди, бу одатдаги даражадан уч баравар кўп.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири Х платформасида ёзганидек, одатда 10 соат давом этадиган саёҳат бугун 16 соат давом этди.
Автотранспорт оқимини таъминлаш мақсадида автомобиль йўллари операторлари ва йўл хизматлари автомагистралга 60 дан ортиқ эвакуация ва қутқарув машинасини жалб этди. Бундан ташқари, йўл бўйлаб 20 та навбатчи бригадалар ажратилган.
Хитой Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, дам олиш кунларида мамлакат бўйлаб 2,43 миллиард минтақалараро саёҳат амалга оширилган. Ўртача кунлик йўловчилар сони 304 миллионни ташкил этиб, янги рекорд ўрнатди. Бу ўтган йилга нисбатан 6,3 фоизга кўпдир.