Хитой инсонсимон роботларни ўқитиш учун маълумот тўплаш марказлари тармоғини яратишга киришди.
Мутахассислар фикрича, бу соҳадаги асосий муаммолардан бири — маълумотлар етишмаслиги бўлиб, айнан шу омил антропоморф роботларни оммавий тижоратлаштиришга тўсқинлик қилмоқда.
Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Хитой мультимодал маълумотларни йиғишга мўлжалланган кенг қамровли миллий тармоқни шакллантирмоқда. Бу марказлар турли сенсорлар ёрдамида роботлар учун реал муҳитдаги ҳаракатлар ва жараёнлар ҳақида катта ҳажмда маълумот тўплайди.
Жумладан, Цзыгун шаҳрида 6 минг квадрат метр майдонни эгаллаган марказ ташкил этилган. У торк (айланиш кучини ўлчаш) сенсорлари, RGB-D тизимлари ва лидарлар билан жиҳозланган бўлиб, бир кунда 15 мингтагача, йилига эса 3 миллионгача маълумот ёзувларини яратиш имконига эга.
Йиғилган маълумотлар асосан саноат соҳасида қўлланиладиган роботларни ўқитишда ишлатилади.
Шу билан бирга, Хитой инсонсимон роботлар ва “жисмоний ифодаланган” сунъий интеллект учун ишлаб чиқариш занжири ва ҳаёт циклини қамраб олган илк миллий стандартлар тизимини ҳам тақдим этди.
Мутахассислар фикрича, бу қадамлар Хитойнинг робототехника ва сунъий интеллект соҳасида глобал етакчилардан бирига айланишини тезлаштириши мумкин.