Россия президенти Владимир Путин Кремлда сўзлаган нутқида Ғарб давлатларини янги уруш хавфини авжига чиқараётганликда айблаб, Россия қуролли кучлари модернизацияси жадал кетишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москва ўз келажаги учун жанг қилмоқда.
Кремлдаги расмий чиқишда Россия президенти Владимир Путин Ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан «асоссиз таҳдид» муҳитини яратиб, янги қуролланиш пойгасига сабаб бўлаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, «Ғарб сиёсатчилари Россияга стратегик мағлубият етказишни режалаштирмоқда, тарихдан ҳеч нарса ўрганмаган».
Путинга кўра, Россия бугун «ўз келажаги учун курашмоқда» ва бу курашда ҳарбий салоҳиятни ошириш устувор йўналишга айланган. У мамлакат қуролли кучлари техник жиҳатдан кенг кўламли янгиланиш жараёнига кирганини қайд этди. Хусусан, «Орешник» номли ўрта масофали янги ракеталар мажмуасини серияли ишлаб чиқаришга киришилган ва у жанговор шароитларда ўзини самарали томондан кўрсатган.
Шунингдек, Путин «Ярс» стратегик ракеталари, дронлар ва денгиз пиёда қисмларининг дивизияларга айлантирилиши ҳақида гапириб, ҳарбий қувват янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар Россия қуролли кучларининг зарба бериш қобилиятини оширади.
Путин НАТО саммитида алянс ҳарбий салоҳиятини кенгайтириш дастури эълон қилинишини кутилётганини ҳам эслатди. У буни жаҳондаги милитаризация ва қуролланиш пойгасини авжига чиқарувчи ҳақиқий омил сифатида баҳолади.
Россия етакчиси, шунингдек, Украинага Ғарб томонидан қурол ва маблағ юборилишида давом этилаётганини танқид қилди ва бундай ҳаракатларни тўғридан тўғри можародаги иштирок сифатида кўрди. У «махсус ҳарбий операция» иштирокчиларини Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг ҳақиқий ворислари, деб атади.