Бугун 14 ноябрь, 2019 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонга доя «эркаклар» керакми?

Ўзбекистонга доя «эркаклар» керакми?

Яқинда бир танишимни туғруқхонага олиб бордим. Дард билан олишиб, таъбир жоиз бўлса ўлимни бўйнига олиб борган аёлни туғруқхонага  бошлаб кирганимда менга омадим борлигини, бугун шахсан Фалончи Фалончиевичнинг ўзлари навбатчи эканлигини айтишлари биланоқ барзангидек эркак доянинг ўзлари кўриниш бериб қолдилар. 
— Сизмисиз доя?! , — дедим. У кўзимга қаттиқ тикилиб тураверди.
— Сизга шундан бошқа иш қуриб қолганми? — дедим дард чекаётган аёлни ҳам унутиб. У индамади. Қалтираб, менга бошқа аёл врач топиб беришларини сўрадим. Эркак доя «ўзинг биласан» , дегандек энсаси қотиб бурулдию, оҳ-воҳ чекиб юзлари азобдан бурушаётган аёлларга қарата 
— Кимнинг навбати?  Кирсин, — дея хонасига кириб кетди. Ёшгина бир йигит хотинининг қўлини қўйиб юборди. Аёли ҳам эркак доянинг ортидан кириб кетди...
 Эҳтимол ,алам билан хотинини етаклаб келган эркакларга гапира бошладим:
— Нимага ўз аёлингизни қизғонмаяпсиз? Нимага тўполон қилмаяпсиз? Ўзбек аёлининг иффатини сақлаш сизнинг қўлингизда эмасми ахир?! Аёлларнинг ёмон йўлга кириб кетишига сиз эркаклар сабабчисиз. 
Билмадим, яна нималар дедим? Мени деярли судраб олиб чиқиб кетишди. Дарвоза олдида нафас ростлаб турарканман, бир йигит хотинини уруша-уруша олиб чиқиб кетаётганини эшитиб қолдим.
— Юр, истаган жойингга олиб бораман. Фақат бу ерда туғмайсан. 
Хайрият, дедим. Биттасида бўлса ҳам орият бор эканку! 
Мана неча кундан буён ушбу воқеани хаёлимдан кетказа олмаяпман. 
Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ёзилганига ҳам юз йилча бўлди. Кумуш фарзанд дунёга келтирганида Отабек отасига кўринишдан уялади. Кумуш эса Отабекни кўриб қайнонасидан уялади. Биз қачон шунчалик ўзгардик?!
Ўтган асрнинг 50-йилларида илк эркак доялар кириб кела бошлади Ўзбекистонга. Атоқли адиба Саида Зуннунова ўзининг «Сўқмоқлар» қиссасида эркак дояларни қаттиқ қоралаб асар ёзади ва бу қиссаси унинг бошига маломат бўлиб ёғилади. Эҳтимол, 51 ёшидаёқ бу дунёни тарк этишига олиб келади. Ўша асарда келтирилишича, момоларимиз эркак дояларга кўринмаслик учун ўзларини баланд иморатнинг деразасидан пастга ташлаб, боласи билан бирга ҳалок бўладилар. Қани ўша момоларимиз?
Бошимга ташвиш тушиб Республика Эндокринология шифохонасига борган эдим. Маълум бўлишича, бизда эндокринолог-жарроҳлар етишмас экан, лекин доя бўла туриб иш топа олмаётган юзлаб аёллар ҳам бор экан. Ўша эркак доялар шифокор бўлгиси келибди, нега ўзига муносиб соҳа бўйича ўқимади?! 
Тўғри, қариндошимнику аёл врач туғдирди, лекин бошқалар-чи? Менимча, бу ҳақда ўйлаб кўриш вақти етгандир. Унутмайлик, ким бўлсак ҳам бир куни Аллоҳнинг қаршисига борамиз. Ўшанда гуноҳу савобларимиз ҳам ўзимиз билан бирга бўлади!

Феруза Салходжаева

Киритилди: 16:39 09.07.2019. Ўқилди: 2338 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!