Бугун 16 май, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон делегацияси “Women in Tech Global Summit 2026”да иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси “Women in Tech Global Summit 2026”да иштирок этди

Ҳар йили ўтказиладиган “Women in Tech 2026” саммити Африканинг энг йирик технологик хабларидан бири ҳисобланган Кейптаун шаҳрида (Жанубий Африка Республикаси) бўлиб ўтди. Бу галги тадбир дунёнинг 60 мамлакатидан 700 дан ортиқ иштирокчини, хусусан, халқаро ташкилотлар, технологик компаниялар, давлат сектори, стартап-экотизимлар ва “Women in Tech” глобал ҳамжамияти вакилларини бирлаштирди.

Уч кун давомида иштирокчилар сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт, таълим, технологик дипломатия ва барқарор ривожланиш келажагини муҳокама қилишди. Инклюзивлик, лидерлик, рақамли тенглик ва аёлларнинг глобал инновацион кун тартибини шакллантиришдаги ўрни каби масалалар саммит иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Шунингдек, сунъий интеллектга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш, киберхавфсизлик, инвестициялар ва таълим трансформациясига алоҳида эътибор қаратилди. Саммит дастуридан пленар муҳокамалар, амалий сессиялар, сунъий интеллект масалаларига бағишланган Оксфорд мунозаралари, шунингдек, лидерлик, касбий ривожланиш ва тадбиркорликка бағишланган мавзуга оид йўналишлар ўрин олди.

Women in Tech” — бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган, дунёнинг 65 мамлакатида 500 мингдан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган глобал ҳамжамият ҳисобланади. Ташкилот Франция президенти ҳомийлигида фаолият юритиб, таълим, бизнес, рақамли инклюзия ва халқаро амбассадорлик йўналишларида ташаббусларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон делегацияси саммит сессиялари ҳамда ёшларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ва технологик дипломатияга бағишланган ташаббусларда фаоллик кўрсатди.

Director” янги муҳим лавозимда фаолият юритаётган Анна Амброзевич Ўзбекистонни халқаро майдонда намоён қилди ҳамда саммит ёш делегатлари учун махсус майдон — “Youth Lab” ташкилотчиси сифатида иштирок этди.

“Youth Lab” доирасида халқаро экспертлар иштирокида сунъий интеллект, лидерлик, soft skills (мулоқот ва шахсий ривожланиш кўникмалари) ва ёшларнинг рақамли дунёдаги келажагига бағишланган сессиялар ўтказилди. Шунингдек, рақамли компетенциялар, халқаро ҳамжамият ва янги авлод лидерлик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган глобал “Youth Ambassadors” дастури тақдим этилди.

Дастурнинг алоҳида қисми сифатида #IamRemarkable сессияси ўтказилди. У ўзига бўлган ишончни ривожлантириш, ўзини намоён этиш кўникмалари ва шахсий ютуқларни эътироф этиш мавзуларига бағишланди.

Ўзбекистондаги энг йирик IT-ҳамжамият асосчиси Шавкат Каримов “IT Community Roadshow” тақдимотини намойиш қилди. Ушбу йирик лойиҳа “IT Community of Uzbekistan” томонидан амалга оширилиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ташаббус доирасида етакчи IT-компаниялар экспертлари ёш мутахассислар учун IT соҳасида карьера қуриш, орзуидаги ишни топиш ёки ўз стартапини йўлга қўйиш бўйича лекция ва мастер-класслар ўтказади.

“Women in Tech Uzbekistan” ушбу лойиҳа доирасида қизлар учун касбий ривожланиш имкониятларини яратмоқда, уларни ҳамжамиятнинг халқаро ташаббуслари билан таништирмоқда ҳамда IT-саноатида таълим ва карьера йўналишларини шакллантиришга кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон делегациясининг “Women in Tech Global Summit”даги иштироки “IT Park Uzbekistan” кўмагида ташкил этилди.

Киритилди: Бугун 10:23. Ўқилди: 144 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!