Бугун, 27 август куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки мамлакат президентларининг ўзаро муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланганлиги алоҳида қайд этилди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистон ва Беларусь фаол сиёсий мулоқотни давом эттираётганига, халқаро платформаларда конструктив ҳамкорлик қилиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, икки давлат парламент вакиллари МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва Парламентлараро Иттифоқ каби халқаро парламент ташкилотлари доирасида фаол ҳамкорлик қилаётганлигига урғу берилди.
Шунингдек, икки давлат дўстлик гуруҳлари фаолиятига ҳам эътибор қаратилиб, бу борадаги фаолият кўриб чиқилгани ва Комиссия номи Беларусь Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича Сенат парламентлараро комиссияси деб қайта номлангани маълум қилинди.
Эндиликда мазкур Комиссия юқори даражада эришилган келишувлар ижросини диққат билан кузатиб боришга, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига амалий ёрдам бериши ҳамда унинг ишида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳам фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди.
Учрашувда қонун ижодкорлиги, гендер ва ёшлар сиёсати, таълим, тиббиёт соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш, ҳудудлар ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, ҳудудларни рақамли ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон-Беларусь аёллари бизнес-форуми моҳиятига ҳам тўхталиб ўтди.
Мазкур бизнес-форумнинг иккинчи марта ўтказилиши аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг икки давлат парламентлари палаталари раҳбарлари делегация вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши ўртасида 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма тадбирлар режаси (“йўл харитаси”)ни имзолади.
Анъанага мувофиқ Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.