Ўзбекистон делегацияси БМТ Бош Ассамблеясидан сўнг ишини Абу-Дабида — Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 15-конгрессда давом эттирди. Нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил иштирок этди.
Саида Мирзиёеванинг ёзишича, Конгресс доирасида трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, болаларни ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш каби умумий ечимни талаб этаётган масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижроия директори Моника Жума билан учрашди. Бугунги кунда БМТнинг мазкур тузилмаси билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур конгресс Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этди. Барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу қарор якуний декларацияда ҳам ўз тасдиғини топди.
"Буни Ўзбекистонга нисбатан халқаро миқёсдаги юксак ишонч рамзи, мамлакатимизнинг очиқлиги, мулоқотга доимо тайёрлиги ва умумий мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштира олишимизга билдирилган ишонч сифатида баҳолайман.
Олдимизда беш йиллик тайёргарлик даври турибди. 2031 йилда Ўзбекистон бутун дунёдан келадиган делегацияларга мезбонлик қилади", деб ёзади Саида Мирзиёева.