Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўқувчи қиз Эмомали Раҳмоннинг кортежини тўхтатиб, президентга мактуб берди

Ўқувчи қиз Эмомали Раҳмоннинг кортежини тўхтатиб, президентга мактуб берди

Тожикистоннинг Панжикент шаҳрида яшовчи 10-синф ўқувчиси Хосият исмли қиз президент Эмомали Раҳмоннинг кортежини тўхтатди ва унга ўз мактубини топширди. Воқеа президентнинг Сўғд вилоятига 12 сентябрь куни амалга оширган ишчи ташрифи давомида юз берган.

Қайд этилишича, одатда вилоятларга ташрифлар давомида фуқароларнинг давлат раҳбари билан барча учрашувлари олдиндан келишилади ва жуда кам ҳолларда бирор киши президентгача шунчаки «етиб бориши» мумкин. Эмомали Раҳмон 12 сентябрь куни Панжикентга Саразм ёдгорлигининг 5500 йиллиги муносабати ташриф буюрган.

Панжикентлик қиз Хосият Олишова 12 сентябрь куни эрталаб шаҳарнинг асосий кўчаси — Рудакий шоҳкўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган ҳукумат кортежини кўрган. Машиналар беш юлдузли «Саразм Плаза» меҳмонхонаси олдида тўхтаган, қиз йўлга яқин келган ва баланд овозда «Президент қайси машинада?»,  деб сўраган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, давлат раҳбарининг тан соқчилари қизни тўхтатмоқчи бўлган, бироқ президент қизни ўтказиб юборишни айтган. Хосият ўз мактубини президентга берган, кейин эса қиз Панжикент шаҳри маъмуриятига таклиф қилинган.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам шундай ҳодиса юз берган ва президент қиз етим эканлигини ва унинг муаммосини ҳал қилиш кераклигини айтган.

«Қизнинг мактуби президентда турибди. Мактаб ўқувчиси президент кортежи томонга борганда давлат раҳбари қизни чақирди ва унинг мактубини қабул қилди», — дея маълум қилган матбуот котиби.

Хосият ўқийдиган Панжикент шаҳридаги мактаб директори Мақсуда Аҳророванинг айтишича, у қиз ва унинг онаси билан суҳбатлашган. Директорнинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиси ўз мактубида яшаш жойи бўйича ёрдам сўраган, чунки қиз онаси билан ижарада яшайди. Қизнинг отаси уч ой аввал вафот этган, оила боқувчисиз қолган.

Шаҳар маъмурияти вакилининг маълум қилишича, улар Хосият билан суҳбатлашган ва унинг муаммоларини эшитган. Унинг сўзларига кўра, бу оилага бюджет маблағларидан 10 минг сомони (тахминан 1000 доллар) ажратилган, шунингдек, ун, ёғ, шакар ва гуручдан иборат озиқ-овқат тўплами берилган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон таълим муассасаларида 17 августдан янги ўқув йили бошланди.

Киритилди: 08:36 15.09.2020. Ўқилди: 6470 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!