Унинг фикрича, G7 саммити доирасида Украина масаласига катта эътибор қаратилган бўлса-да, фронтдаги вазият яқин орада тинчлик келишувига эришилишидан дарак бермаяпти. Муаллиф Киевга қарши ҳужумлар ва Ла-Маншдаги сўнгги ҳарбий инцидентларни мисол қилиб келтиради.
Эммерих Россия фронтда муайян муаммоларга дуч келаётганини тан олган ҳолда, яқин келажакда на ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, на музокараларни қайта бошлаш учун етарли шароит кўринаётганини таъкидлайди.
Шарҳловчига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп саммит давомида Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришишга чақирган. Шунингдек, АҚШ Москвага босимни кучайтириш учун янги санкциялар ва Киевга узоқ масофали қуроллар етказиб бериш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Бироқ мақола муаллифи Трампнинг баёнотларини Украинада адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш истагидан кўра, АҚШдаги ички сиёсий вазият ва бўлажак сайловлар билан боғлайди. Унинг фикрича, Оқ уй раҳбари учун асосий мақсад ташқи сиёсий муваффақият орқали ўз рейтингини яхшилаш бўлиши мумкин.