2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 1 мартгача Туркияга ташриф буюрадиган фуқаролар учун мамлакатга киришнинг янги қоидалари кучга киради, деб хабар қилди Uzbekistan Airways матбуот хизмати.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган янги талабларга биноан, мамлакатга кирадиган йўловчилар чегарадан ўтаётганда ўзлари билан 72 соатдан кам бўлмаган муддатда олинган коронавирус учун салбий ПЗР-маълумотномасига эга бўлишлари керак.
Бундан ташқари, салбий ПЗР-тестини тақдим этмаган йўловчилар мамлакатга киришда кўрсатилган яшаш жойи (уй, меҳмонхона ва бошқалар) манзилида бир ҳафталик карантинга жойлаштирилади. Ўз навбатида, Туркияда яшаш манзилини кўрсатмаган шахслар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган жойларда карантинга олинади.
Аниқлик киритилишича, етти кунлик карантиндан сўнг COVID-19 тести ижобий чиққан йўловчилар Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги қоидаларига мувофиқ даволанади.