Бугун 15 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Туркияда тўрт ой комада ётган ўзбекистонлик аёл олиб келинди

Туркияда тўрт ой комада ётган ўзбекистонлик аёл олиб келинди

Туркияда тўрт ойга яқин вақт давомида комада ётган ўттиз ёшли Ўзбекистон фуқароси Нозима Мирзаева кеча онаси ҳамроҳлигида «Uzbekistan Airways» рейси билан Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

2020 йил 15 август куни Туркияда содир бўлган автоҳалокатда жабрланганлар орасида юртдошимиз ҳам бўлган. Автоҳалокат натижасида у оғир тан жароҳати билан Пендик Мармара тиббиёт тадқиқот марказига ётқизилган. Олиб борилган тиббий муолажалар ва операцияларга қарамай, Нозима Мирзаева комага тушиб, ноябрь ойида ўзига келган. Шундан сўнг бемор Истанбулнинг Малтепе туманидаги «Сурейпаша» давлат шифохонасига кўчирилган. Аммо бемор тўлиқ тузалмагани учун уни ўрнидан қўзғатиш имконсиз бўлган.

Н.Мирзаева аҳволи яхшилангач, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси, мамлакатимиз Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида юртдошимизни унинг ёнида бўлиб турган онаси билан биргаликда Ватанга қайтариш ишлари ташкил қилинди. Жумладан, COVID-19 учун тестдан ўтиш ва самолёт чипталари бепул тақдим этилди.

Нозима Мирзаеванинг онаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. У давлатимизнинг мазкур ёрдами Ўзбекистон хорижда ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин тасдиғи эканини таъкидлади.

Киритилди: 15:25 08.05.2021. Ўқилди: 2943 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!