АҚШнинг янги маъмурияти дунё бўйлаб тахминан 30 нафар Америка элчисини лавозимидан озод қилиб, яқин ҳафталарда мамлакатга қайтишни буюрмоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, элчиларнинг аксарияти Байден президентлиги даврида тайинланган ва Сенат томонидан тасдиқланган. Кўпчилигига лавозимдан олингани ҳақида кутилмаганда, телефон орқали ва изоҳларсиз хабар берилган.
Карьера дипломатлари касаба уюшмаси бу қарорни АҚШ дипломатияси тарихида мисли кўрилмаган ҳолат деб баҳоламоқда. Давлат департаменти эса буни “оддий маъмурий жараён” деб атаб, президент элчилар орқали ўз сиёсий кун тартибини амалга ошириш ҳуқуқига эгалигини таъкидлаган.
Ишдан бўшатишлар Африка, Европа ва бошқа минтақалардаги элчихоналарни қамраб олиши кутилмоқда. Айрим давлатларда, жумладан Украинада, АҚШ элчиси лавозими аллақачон бир неча ойдан бери бўш турибди.