АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон президенти Масуд Пезешкианнинг узрига изоҳ бериб, Теҳрон Яқин Шарқ қўшниларидан узр сўраганини айтди.
Оқ уй раҳбари бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
"Оғир аҳволда қолган Эрон Яқин Шарқ қўшниларидан узр сўради ва таслим бўлди, энди уларга ўқ узмаслигига ваъда берди. Бу ваъда фақат Қўшма Штатлар ва Исроилнинг тинимсиз ҳужумлари туфайли берилди", деди Трамп.
Унинг қўшимча қилишича, минг йиллар ичида биринчи марта Эрон Яқин Шарқ қўшниларига нисбатан ютқазган ҳолатда қолди: "Улар Яқин Шарқни босиб олишга ва бошқаришга ҳаракат қилишди. Бу минг йиллар ичида Эрон Яқин Шарқдаги қўшниларига ютқазган биринчи ҳолат".
Америка президенти шунингдек, минтақа мамлакатлари вакиллари унга миннатдорчилик билдирганини таъкидлади: "Улар: "Раҳмат, Президент Трамп", дедилар. Мен: "Марҳамат!", дедим. Эрон энди "Яқин Шарқ золими" эмас, балки "Яқин Шарқнинг мағлуби" ва келгуси ўн йилликлар давомида, таслим бўлмагунча ёки, эҳтимол, бутунлай қуламагунча шундайлигича қолади!"
Эслатиб ўтамиз, 7 март куни Эрон президенти Масуд Пезешкиан қўшни давлатлардан узр сўраб, "Бизнинг минтақа мамлакатлари билан ҳеч қандай адоватимиз йўқ" деб айтган эди. Унинг қўшимча қилишича, Эроннинг вақтинчалик бошқарув кенгаши минтақадаги мамлакатларга уларнинг ҳудудидан ҳужумлар бўлмагунча бошқа ҳужумлар уюштирмасликка қарор қилган.