АҚШ президенти Дональд Трамп 3 июнь куни янги фармонни имзолади. Ҳужжат энг кўп маош оладиган 8 минг нафарга яқин ҳукумат ходимини ишдан бўшатишни осонлаштиради. Чора федерал ишчи кучини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ҳаракатларнинг бир қисмидир. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Оқ уй ва Кадрлар бошқаруви бошқармаси томонидан эълон қилинган фармон асосан юқори бўғиндаги федерал ходимларни меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясидан маҳрум қилади. Ушбу ходимлар йилига деярли 200 минг долларгача маош олади. Шунингдек, улар ҳукумат сиёсатига “таъсир ўтказувчи” шахслар деб ҳисобланади.
Ҳукуматнинг кадрлар сиёсатини назорат қилувчи Кадрлар бошқаруви бошқармаси директори Скотт Купор бу чора ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, маъмурият ўзининг сиёсий устуворликларига эришиш учун буйруқларни бажаришга тайёр ва қодир бўлган одамларни ишга олиши керак.
“Сиз ҳар қандай сиёсий қарашга эга бўлишингиз мумкин. Аммо ушбу қарашлар маъмуриятнинг қонуний буйруқлари ва сиёсий кўрсатмаларини бажаришингизга халақит берса, бу механизм ишга тушади. Идоралар бундай одамларни ўз хоҳишига кўра самарали равишда ишдан бўшата олади”, деди у.
Бу фармон Трампнинг ўз мақсадларига қарши чиққан ходимларни жазолаш ва ишдан бўшатиш ҳаракатларини давом эттираётганини кўрсатади.
Фармон таъсирига тушадиган ходимлар сони дастлаб тахмин қилинган 50 минг нафардан анча кам.