Ижтимоий тармоқ саҳифаларида «Ўқувчи ўз ўқитувчисига қўл кўтармоқда, бошқа бири маймунга ўхшаб ўйнаяпти, бутун синф ўқитувчини калака қиляпти» мазмунидаги видеохабарлар тарқалди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади. Жумладан, Чилонзор туманидаги 103-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юз берган ҳодиса Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Чилонзор тумани ҳокимлиги, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари ва бошқа масъуллар томонидан ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида мактаб маъмурияти, ўқувчилар ва ота-оналар билан мулоқот ўтказилди. Маълум бўлишича, мактабнинг 6-«А» синф ўқувчилари математика дарсида ўқитувчи Ю.П. нинг гапларига қулоқ солмаган ва тартиб бузишган. Ўз навбатида ўқитувчи ҳам жаҳлини жиловлай олмасдан болани мажбурлаб синфдан чиқариб юборган. Ўқувчи синфдан чиқмаслик учун ўқитувчига қаршилик кўрсатган.
Юқоридаги ҳолат тўлиқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги назоратига олинган. Мактабда юз берган бу воқеа юзасидан ота-оналар йиғилиши чақирилди ва уларнинг хоҳишига кўра математика ўқитувчиси Ю.П. мазкур синф ўқувчиларига дарс ўтишдан четлаштирилди. Тартиб бузган болалар ва уларнинг ота-онасига чора кўриш масаласи туман ҳокимлиги Болалар масалалари бўйича комиссия йиғилишида кўриб чиқиладиган бўлди.
Мактабда бўлган мазкур ҳолатлар юзасидан мурожаат қилган барча ОАВ вакилларига ҳам изоҳлар ва маълумотлар етказилди.