Бугун 10 сентябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентда яна бир BRT йўлаги фойдаланишга топширилди

Тошкентда яна бир BRT йўлаги фойдаланишга топширилди
Тошкент шаҳрида жамоат транспортига устуворлик бериш, автобуслар ҳаракатини тезкор ва барқарор ташкил этиш мақсадида Шаҳрисабз кўчасидаги BRT йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Лойиҳанинг мазкур босқичи Шаҳрисабз, Миробод ва Шота Руставели кўчалари туташган айланма чорраҳадан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 километрлик ҳудудни қамраб олди. Қурилиш жараёнида мавжуд асфалт қопламасини янгилаш билан чекланилмади. BRT йўлагида катта сиғимли автобусларнинг мунтазам ҳаракати ва доимий юкламаси ҳисобга олиниб, йўлнинг остки конструкцияси тўлиқ қайта қурилди. Бунинг учун айрим қисмларда 2 метрдан ортиқ чуқурликкача қазиш ишлари бажарилиб, мавжуд асос олиб ташланди ва йўл пойдевори қайта шакллантирилди. Грунт намлиги, тупроқнинг силжиши ва кейинчалик чўкиш хавфини камайтириш мақсадида геотекстил қопламаси ётқизилди. Шундан сўнг йўл асоси босқичма-босқич мустаҳкамланди. Хусусан, 35 сантиметр қалинликдаги қум-шағал аралашмаси ётқизилди, M-75 маркали мустаҳкамловчи қатлам ташкил этилди. Кейин 9 сантиметр қалинликдаги йирик донали асфальт-бетон қатлами ётқизилиб, якуний қоплама сифатида 5 сантиметр қалинликдаги PSHMA-20 қўлланилди. BRT инфратузилмаси доирасида 5 та янги автобус бекати ташкил этилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат йўлаги шакллантирилди. BRT йўлаги умумий транспорт оқимидан бордюрлар орқали жисмонан ажратилди. 1,2 километрлик мазкур участка Шаҳрисабз кўчасида BRT инфратузилмасини шакллантиришнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Умумий лойиҳа доирасида Шаҳрисабз кўчасининг қарийб 3 километрлик қисмида BRT йўлагини ташкил этиш кўзда тутилган.
Киритилди: 12:55 04.09.2026. Ўқилди: 1006 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!