Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Тошкентда 10-синф ўқувчисини ўз мактабдоши таниб бўлмас даражагача дўппослади

Тошкентда 10-синф ўқувчисини ўз мактабдоши таниб бўлмас даражагача дўппослади

16 апрель куни Тошкентдаги 91-сонли мактаб ўқувчиси А.Ш. (Покистон фуқароси)ни параллел синфда ўқувчи бола дўппослади, деб ёзади UzNews. Жабрланувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Нашр таҳририятига Покистон фуқароси унинг ўғли билан содир бўлган ҳодисани ёритишни сўраб мурожаат қилди.

Аёлнинг сўзларига кўра, 16 апрель куни 91-сонли мактаб яқинида унинг ўғлини параллел синф ўқувчиси Д. дўппослаган.

Маълум бўлишича, қўл жанги билан шуғулланувчи спортчи Д. жабрланувчини бир зарбадаёқ йиқитган. У ерга йиқилиб тушганидан кейин эса Д. уни таниб бўлмас даражагача дўппослаган.

Қуйида жабрланувчининг сўзларини келтирамиз:

13 апрель куни мактабда келишмовчилик бўлди. Йўлакда параллел синф ўқувчиси мени итариб юборди. Мен унга узр сўрашини айтдим, у эса менга ўзбек тилида жавоб қайтарди, мен ҳеч нарсани тушунмадим. Мактабдан кейин синфдошларимиз билан турганимизда, у ва унинг танишлари ёнимга келиб ўзбек тилида бир нималар гапиришди. Шу пайтда мактаб директори чиқиб, уйларимизга кетишимизни айтди.

16 апрель куни мактабдан чиққанимда Д. мени дўстлари ва синфдошлари билан кутиб турган эди. Бу вақтда эса ўқитувчимиз чиқиб, тарқалишимизни айтдилар. Биз дўстларимиз билан кетишни бошладик, Д. эса орқамиздан юриб, нималарнидир гапириб келди. Кейин у мени тўхтатиб, гаплашиб олиш учун четга ўтишга мажбур қилди. Шундан сўнг у юзимга мушт туширди ва мен йиқилиб тушдим, бошқа ҳеч нарсани эслолмайман .

Жабрланувчи онасининг сўзларига кўра, мактаб раҳбарияти мактабга тез ёрдам чақиришдан бош тортган. Бундан кейин эса жабрланувчининг ота-онаси хусусий тез-тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган ва тез ёрдам жабрланувчини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борган.

Айни вақтда жабрланувчи тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида ётибти.

Мазкур ҳолат бўйича жабрланувчининг ота-онаси Яккасарой тумани IIО ФМБга мурожаат қилган. Тушунтириш хати олиниб, суд-тиббий экспертизаси белгиланган. Ҳодиса содир бўлганлигига 2 кун бўлганига қарамасдан, экспертиза ҳали ҳам ўтказилмаган. Нима улар менинг ўғлимга шифохонадан жавоб беришларини кутиб ўтирибдими? дея савол берди жабрланувчининг онаси.

Киритилди: 18:00 18.04.2019. Ўқилди: 2556 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!