Тошкент шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида 16 нафар раҳбар лавозимига лойиқ, 22 нафари қайта аттестация шарти билан лойиқ, 17 нафари эса лавозимига нолойиқ деб топилди.
Энергетика вазирлиги ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар иштирокида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибига кирувчи «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ ҳамда «Энергосавдо» филиалининг Тошкент шаҳри ҳамда унинг туман бўлинмалари раҳбар ходимлари аттестациядан ўтказилди.
Мазкур аттестация раҳбар кадрларнинг касбий малакаси ва амалий кўникмаларини баҳолаш, шунингдек, уларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ташкил этилди.
Аттестация жараёнлари, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилиб, 55 нафар раҳбар ходимнинг касбий билими, шахсий ва касбий компетенсияси, бошқарув қобилияти, стратегик фикрлаши, умумий дунёқараши ҳамда қонунчилик ва соҳага оид меъёрий ҳужжатларни билиш даражаси атрофлича баҳоланди.
Маълумот учун: 2025 йилда Энергетика вазирлиги ва Ёқилғи-энергетика соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамкорлигида Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхоналарининг раҳбар, ўринбосар ҳамда бош муҳандислари учун малака ошириш ўқув-курслари ташкил этилган.
Натижага кўра, 16 нафар раҳбар ходим (29 фоиз) лавозимига лойиқ деб топилди, 22 нафари (40 фоиз) 6 ойдан сўнг қайта аттестатсиядан ўтиш шарти билан лавозимига лойиқ деб ҳисобланди. Шунингдек, 17 нафар раҳбар ходим (31 фоиз) эгаллаб турган лавозимига нольойиқ деб топилиб, уларнинг ўрнига юқори салоҳиятга, етарли билим ва замонавий бошқарув қобилиятига эга бўлган энг муносиб кадрларни танлаб олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Аттестация комиссияси таклифларига асосан, раҳбар ходимлар малакасини ошириш учун асосий йўналишлар қайта кўриб чиқилди. Жумладан, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек, ҳар бир раҳбар номзод учун алоҳида шахсий ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Мазкур чора-тадбирлар электр таъминоти соҳасида самарали бошқарувни таъминлаш, хизмат сифати ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади.