“Tashkent Content Market” халқаро контент бозорининг расмий тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда илк бор 2027 йил 4–5 февраль кунлари ўтказиладиган тадбир миллий фильмлар, сериаллар, анимация ва рақамли маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш ҳамда янги лойиҳалар яратиш учун профессионал майдон бўлади.
Тақдимотда 20 дан ортиқ телерадиоканал, 15 дан зиёд OTT/VOD ва онлайн платформа, 7 та давлат ташкилоти ва соҳавий муассаса ҳамда 40 га яқин киностудия, медиа компания, ижодий жамоа ва кинотеатр вакиллари, шунингдек, мустақил ижодкорлар иштирок этди. Улар тадбир дастури, иштирок этиш шартлари ва рўйхатдан ўтиш тартиби билан танишди.
TCM доирасида халқаро кўргазма, форум ва муҳокамалар, B2B учрашувлар, лойиҳа намойишлари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади. 50 дан ортиқ давлатдан 3 000 нафардан зиёд иштирокчини жамлаши кутилаётган тадбир ташкилотчиси — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази.
🔗 Рўйхатдан ўтиш ва батафсил маълумот: www.tcm.uz