Бугун 18 ноябрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Танзила Нарбаева COP29 конференциясида нутқ сўзлади

Танзила Нарбаева COP29 конференциясида нутқ сўзлади

Хабарингиз бор, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (CОP29) Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Конференция доирасида иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва уларга мослашув жараёнларини молиялаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган қатор форумлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Сенат Раиси Т.Нарбаева ҳам форумда ўз нутқи билан иштирок этиб, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида қатор ташаббуслар илгари сурилаётганини, дунё ҳамжамиятини бир бўлишга чорловчи халқаро таклифлар билдирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Чиндан ҳам, мамлакатимиз 2023 йилда иқлим ўзгаришларига мослашув жараёнларини молиялаштириш йўналишида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб тарихий қадам ташлади ва 331 миллион долларлик «яшил» суверен халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли денгизга чиқиш имконияти йўқ давлат ҳисобланишини эътиборга олиб, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев CОП29 саммитидаги нутқида денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда БМТнинг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон иқлим муаммоларига қарши курашиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим минтақавий ва глобал ташаббуслар билан чиқмоқда.

Жумладан, экологик муаммоларнинг минтақавий ва трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси жорий йилда қабул қилинди.

Шу билан бирга форумда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва янги ташаббусларни амалиётга кенг жорий этишда парламентлар даражасида ҳамкорлик кенг истиқболга эга эканлиги эътироф этилди.

Ўз навбатида, ҳозирги таҳликали ва глобал экологик муаммолар авж олаётган замонда ушбу вазифаларни амалга оширишда Парламентлараро иттифоқнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда ортиб бораётгани қайд этилди.

Т.Нарбаева ҳам ўз нутқида бу йўналишда барча парламентлар қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашишлари муҳим аҳамият касб этиши, парламентларнинг илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, ёшлар парламентлари ўртасида мунтазам ҳамкорлигини таъминлаш зарур эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматларга тақдим этиш амалиётини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилди.

Киритилди: Бугун 09:56. Ўқилди: 347 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!