Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Сурхондарёда директор ўринбосари ярим-яланғоч ҳолда аёл кишининг уйига бостириб кирди

Сурхондарёда директор ўринбосари ярим-яланғоч ҳолда аёл кишининг уйига бостириб кирди

Ўқитувчини устоз сифатида эъзозлаймиз. Ўқимишли маърифат улашувчи инсонлар, дея ҳурмат қиламиз. Айниқса, кейинги йилларда ўқитувчи-мураббийлар янада улуғланиб, чексиз эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги хизматлари муносиб рағбатлантирилаётир.

Лекин минг афсуски, хурмача қилиқлари билан ўқитувчиларнинг обрўйини ерга уришга, қайта тикланаётган нуфузини пасайтиришга уринаётган соҳа вакиллари ҳам йўқ эмас.

ЎзАнинг ёзишича, Олтинсой туманидаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаётган Содиқ Вафоев (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг спиртли ичимлик таъсирида кўрсатган «ҳунар»и ҳам унинг педагог ниқобидаги ҳуқуқбузар эканини ошкор этиб қўйди.

Туманда турли шов-шувларга сабаб бўлган бу воқеа «қаҳрамони»нинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Олтинсой тумани судида кўриб чиқилди.

Хўш, шу ўринда олий маълумотли директор ўринбосарини қандай ҳуқуқбузарлик суд залига етаклаб келди, деган савол ўртага чиқиши аниқ.

Гап шундаки, у жорий йилнинг 23 март куни соат 18:00 лар атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, яшаш уйи олдидан ўтувчи кўчага ярим-яланғоч ҳолда чиқиб, жамоат тартибини ва ҳамқишлоқларининг хотиржамлигини бузган. Қўшниси Т.Қобиловни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, баланд овозда шовқин кўтарган. Шу атрофда яшовчи фуқаролар ва йўлдан ўтиб кетаётганларнинг тинчлиги, осойишталигини бузиб, қўлига тош олиб, Т.Қобиловни қувлаб, қўшниси Л.Жабборованинг ҳовлисига ярим яланғоч ҳолда кириб борган. У ерда ҳам баланд овозда шовқин кўтариб, уятли қилиқлар билан майда безориликлар содир этган.

Очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар – директор ўринбосари айбига иқрор бўлиб, шу куни қўшниси Т.Қобиловнинг товуқлари томорқасига ўтгани учун у билан тортишиб қолгани, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда бўлгани сабабли яланғоч ҳолда қўлига тош олиб, Т.Қобиловни қувлагани ва у қўшниси Л.Жаббарованинг уйига кириб кетгани учун унинг ортидан қувлаб боргани ва баланд овозда сўкинганини, бу ҳолатда уни кўрган Л.Жаббарованинг келини Х.Тўраева ҳушидан кетиб қолганини тан олди. Маст бўлгани учун нималар қилганини яхши эслай олмаётгани, жабрланувчилардан кечирим сўраши, қилган ишидан пушаймонлигини, бошқа бундай ҳаракатлар содир этмаслигини баён этиб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳуқуқбузар ва жабрланувчиларни тинглаб, тегишли қарор қабул қилди. Ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қамоқда сақланган ҳар бир куни учун давлат фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида пул ундириш белгиланди. Тарафларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик судлови тартибида мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Киритилди: 16:24 12.05.2021. Ўқилди: 8602 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!