Вазирлар Маҳкамаси қарори (154-сон, 09.04.2026 й.) билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек, баъзилари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.
✅ Ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
📄 Низомга кўра, назорат тадбирлари солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида видеотасвирга олинади.
📸 Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида қуйидагилар видеотасвирга олинади:
▫️ солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш;
▫️ хронометражни кўздан кечириш;
▫️ солиқ тўловчи ишчи ва ходимларининг ҳақиқий сони ҳамда солиқ ҳисоботидаги акс эттирилган ишчи ва ходимлар сонига мувофиқлигини текшириш;
▫️ назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш;
▫️ савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши ва бошқалар.
🔺 Назорат тадбири солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда видеотасвирга олинади.
📝 Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси (қурилманинг русуми ва серия рақами), видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.