Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Сирдарёдаги фожиа: йигит нега севгилисининг онасини ўлдирди?

Сирдарёдаги фожиа: йигит нега севгилисининг онасини ўлдирди?

Ҳозир Мажнундай сева оладиган йигитлар йўқ, улар фақат бадиий китоб ёки фильмларда дейдиганлар адашади. Орамизда шундай йигитлар бор, улар ўз севги қиссаларини ёзишмоқда. Бу яхши, албатта. Бироқ муҳаббатнинг ўз имтиҳонлари бор. Ундан матонат билан ўта олган ошиқларгина маҳбубасига эришади. Аммо зўрлик билан эмас. Агар ишқ қиссаси қотиллик билан якун топса, бу муҳаббат эмас, жиноят деб аталади.

Мавсумий ишлар билан шуғулланиб, ризқини териб юрган Жасур Жалиловни (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тақдир Сирдарё вилоятига етаклади. 2015 йилда у Сирдарё туманидаги қандолат цехида ёлланиб ишлай бошлади. Бу ерда у Шоира исмли аёл билан танишиб қолди. Бу танишув йигитнинг муҳаббати сари йўл очди. Йўқ, у ўша аёлни севиб қолмади. Бироқ севги қиссасининг бир томони айнан шу аёлга бориб тақалар эди-да. Сабаби, Шоира опанинг биринчи турмушидан 2000 йилда туғилган Нигора исмли қизи бўлиб, Жасур уни ёқтириб қолди.

Қиз ҳам йигитнинг севгисини рад қилмади. Тунлари узоқ суҳбатлар, пинҳона учрашувлар икки дилни бир-бирига боғлаб қўйди. Бу орада Шоира опа Жасурга шериги билан бирга Сирдарё шаҳридаги хонадонида ижарада туриши мумкинлигини билдирди. Бу эса севишганлар орасидаги масофани ҳам яқинлаштирарди. Жасур шериги Илҳом билан Шоира опанинг уйига кўчиб ўтди. Йигитнинг бахтига оғайниси ишлари кўнгилдагидек бўлмаётгани сабабли уйи­га қайтиб кетди. Жасур эса севгилисининг ёнидан бир қадам ҳам жилишни истамасди.

Жасурнинг муҳаббати чин эди, Нигора билан тўрт йилни ширин орзу-ҳаваслар оғушида ўтказишди. Ниҳоят Жасур қизнинг онасига Нигорага уйланиш қарорини маълум қилди. Бироқ Шоира опа розилик бермади.

— Қизимни узоққа, бунинг устига қишлоққа бермайман, — дейди қатъий оҳангда она.

Мана шу жавобдан кейин Жасур қизни олиб қочиб бўлса ҳам муҳаббатига эришиш ҳақида ўйлай бошлади.

«Онаси Нигорани бермаслигини эшитганимдан кейин 2019 йилнинг апрель ойида у билан гаплашиб, уйимизни кўрсатиш учун Қашқадарё вилоятига олиб келдим. У икки кун уйимизда яшаганидан кейин ИИБ ходимлари келиб, Нигорани онасининг олдига қайтариб олиб кетишди», — деди Жасур ўзининг кўрсатмасида.

Во ажаб, ўғли бир қизни уйига етаклаб келиб, «Бу бўлажак келинингиз!» деса, ота-она жимгина кутиб олаверса. Тўғри, Жасурнинг нияти ўзи севган инсон билан турмуш қуриш бўлган. Бироқ ота-онаси у танлаган йўл тўғри эмаслигини уқтириб, қулоғидан чўзиб қўйганида эҳтимол муд­ҳиш воқеа рўй бермаган бўларди. Афсуски…

Ёр соғинчими ё бошқа сабаб биланми, 2019 йилнинг 17 май куни Жасур Сирдарёга от солди. Манзилга етиб келганида дарвоза ичкаридан қулфланган эди. У қулфини очиб ҳовлига киради ва ичкаридаги хонада Нигора телефонда ким биландир суҳбатлашаётганини эшитиб, дарҳол ўша хонага йўналади. Кира солиб Нигорага ўдағайлаб кетади.

— Ким билан гаплашаяпсан? — дея жиноят устида қўлга тушган одамдай эсанкираб қолган қизнинг қўлидан телефонни юлиб олиб, Нигоранинг суҳбатдошига ҳам заҳрини сочади. — Сен кимсан, нега унга қўнғироқ қилаяпсан? У менинг севган қизим.

Шу билан алоқа узилади. Жасур эса Нигорани ким билан гаплашаётган эдинг деб қистайди. Қиз Шерзод исмли таниши билан гаплашаётганини айтганида Жасурнинг зардаси қайнаб, Нигоранинг юзига тарсаки тортиб юборади. Бунга ҳам қаноат қилмай, қизнинг телефонини ерга уриб парчалаб ташлайди.

Бу орада жанжалнинг устига Шоира опа келиб қолади. Жасур энди қизи қолиб, онаси билан ҳам ади-бади айтишиб кетади. Рашк сабаб ўзини телбалардек тутаётган йигит стол устида турган пичоқни қўлига олиб, Шоира опанинг қорнига тиқиб олади. У оғриқдан инграб, ерга қулайди.

Ошиқ йигит бу ҳолатда зудлик билан тез ёрдам чақиришни ўйлаб ҳам кўрмади. Аксинча севгилисининг бўйнига пичоқ тираб, уни ўзи билан кетишга мажбурлади. Нигора ноилож унинг шартига кўнди. Улар ярадор онани уйда қолдириб, Қашқадарёга йўл олишди.

Аввалги сафар севгилисини уйига олиб борганида ички ишлар ходимлари ортига қайтариб кетгани «дарс» бўлган чамаси, Жасур бу гал бошқа манзилни танлади. У Нигорани ярим тунда тоғасининг хонадонига бошлаб борди. Гўё шу билан ҳуқуқни муҳофа қилувчи орган ходимларини чалғитмоқчи эди. Аммо унинг ҳийласи ўтмади. Эртаси куни унинг қўлларига кишан солинди. Чунки шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатганига қарамай Шоира опа олган жароҳати оқибатида касалхонада вафот этган эди.

Жорий йилнинг 14 август куни пичоқ тутган «Мажнун»га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра Ж.Жалилов 8 йилу 2 ой муддатга «кесилди».

Зуфаржон Илясов,
Сирдарё тумани прокурорининг ўринбосари

Киритилди: 10:37 02.10.2019. Ўқилди: 4944 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!