Кўпинча одам савдоси ҳақида гап кетганда биз инсонларни чет эл юртларига турли мақсадларда сотиб юборган кимсаларни кўз олдимизга келтирамиз, бироқ орамизда ўз фарзандини-гўдакларни сотишдан тийлмаган кишилар ҳам учраётганлиги жуда ачинарли ҳол.
Гулистон шаҳрида туғилган С.Исломова тенгдош дугоналари каби ойдек келин бўлиш ўрнига енгил ҳаётни устун қўйди. Бунинг оқибатида, ота-она ҳам унинг юриш-туришини ўз назоратидан чиқариб юборишди. Уйидан чиқиб кетиб, кўча-куйда йигитлар билан ишқий муносабатларга киришиб кетди, табийки у ҳомиладор бўлиб қолди, шунда у таниши Ш.Нурматова билан ўзаро олдиндан тил бириктириб, бўлажак туғиладиган фарзандини сотишни режалаштирди.
Келишувга кўра, Ш.Нурматова ҳомиладор С.Исломовани шифокорларга кўрсатиши, шифохонага жойлаштириши, чақалоқ сотиб олувчи харидорларни излаб топиши, С.Исломова эса ҳомиладорлигини оила аъзоларидан сир тутиб, чақалоқни туққанидан сўнг Ш.Нурматова билан биргаликда харидорга сотишлари лозим бўлган.
2020 йил 8 ноябрь куни Ш.Нурматова Ховос шаҳарчасида махсус харидор З.С. билан учрашиб, С.Исломованинг 2020 йил 5 ноябрь куни туғилган туғилган фарзанди К.И.ни 20.000 АҚШ долларига сотишга келишган.
2020 йил 9 ноябрь куни соат 20:30 да Ховос тумани Гулбаҳор маҳалласида туғуруқ комплекси олдида З.С.ни аризаси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг тезкор тадбирида 2020 йил 5 ноябрь куни туғилган К.И.ни ожиз аҳволдалигини, ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини била туриб махсус харидор З.С.га 20.000 АҚШ долларига сотган вақтларида С.Исломова ва Ш.Нурматова ушланганиб, 20.000 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.
Суд мажлисида С.Исломова ва Ш.Нурматова қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик сўради, суд барча ҳолатларни инобатга олиб, Ш.Нурматовага 4 йил 1 ой, С.Исломовага 4 йил озодликдан маҳрум қилиши жазосини тайинлади ва одам савдоси қурбони бўлган гўдак васийлик органларига топширилди.
Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси