Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

«Шуни кузатдимки, одамларимиз илм олишдан кўра - эшитишни маъқул кўришар экан»

«Шуни кузатдимки, одамларимиз илм олишдан кўра - эшитишни маъқул кўришар экан»

Ҳаётда инсонлар нимани эшитишни хоҳласа, Facebook'да ҳам худди шундай бўлар экан.

Кўп йиллар давомида шуни кузатдимки, одамларимиз илм олишдан кўра - эшитишни, олим бўлишдан кўра - этак тутишни маъқул кўришади.

Одамларимизни зарурий бўлган ақидавий, фиқхий масалалардан кўра, кўпроқ ривоятлар, эртакнамо воқеалар қизиқтиради. Одамлар “бай, бай, бай“, деб эшитиладиган, асли йўқ, икки пулга қиммат ҳикояларни эшитишни энг зарурий масала ҳисоблайди. Расулуллоҳ қабрларидан қандай қилиб қўлларини чиқарганларини айтиб берадиган каззобларни ҳикоясини кўзда ёш билан тинглайди. Ривоят тинглаб, этак тутиб жаннатга киришни режалаб яшайди.

Аксар одамларга “ақийда нима?”, деган саволни берсангиз жавоб бера олмайди. “Намозда нечта фарз бор, тавҳид ўзи нима?”, деган саволларингизга жавоб топишдан кўра, мазҳаб, соқол, янги йил, мавлуд ва бошқа сийқаси чиққан масалалар устида тортишишни маъқул кўришади. Чайнагани сари ширини чиқадими, билмадим зерикишмайди ҳам.

Дўстлар даврасида йиғилган эдик. Бир дўстимиз илмлик бўлган бошқа дўстимизга: “Мотуридийлик ва Ашъарийлик билан Салафийлик ўртасидаги фарқ нимадан иборат?”, деб савол берди. Бир оз ўйланиб қолган дўстимиз “саволингизга савол билан жавоб бераман. Сукунлик нунда нечта қоида бор?”, деди. Табиийки жавоб йўқ. Сўнгра гапини давом эттирди “асл муаммомиз, билишимиз керак бўлган биринчи даражали масалалар қолиб, тўртинчи, бешинчи даражали ишларга киришиб кетишимизда. Тартиб билан аввалидан бошлаб илм олинса, сиз берган саволларга ўз-ўзидан жавоб келиб чиқади”, деган эди.

Имомларга берилаётган саволлар ҳам бир-биридан ачинарли, ҳамда кулгилик аҳволда. Савол бериш учун ҳам илм керак. Берилган саволдан савол берувчини савияси келиб чиқади, деб бежизга айтишмайди.

Бир сафар жума куни Имомга йўлланган мактублар орасида “Жумонг касал бўлиб қолибди. Ҳаққига жамоат билан дуо қилайлик”, деган хатни домла ўқиб эшиттирган эди. Эшитган жамоат орасида гуррос кулги кўтарилган. Аслида куладиган эмас, йиғлайдиган ҳолат. Боримиз - шу. Савиямиз - шу. Сериалларни кўравериб виртуал олам ва реалликни қориштириб юборган бечора халқимиз, нима учун яшаётганини ҳам унутиб бўлган.

Авом илм талаб қилишни бас қилган. Шунга яраша Имомларни биргина имконияти бор. У ҳам бўлса - жума кунидир. Фақатгина ўша кунда минглаб одамлар келади. Фақатгина ўша кунда одамларга динни асли, моҳияти ва нима учун яшаётганини тушунтириш мумкин, холос. Имомлар эса тинчлик, шукр қилиш, ота-онани рози қилишдан бўшамайди (тўғрироғи бўшаттиришмайди). Янги йил, наврўз, мавлуд, 8 март, мустақиллик, конституцияга доир "маърузаларгаку", кўникиб ҳам кетдик.

Халқимизни жума куни масжидга борадиган қисми шукр, сабр, тинчлик ва осмон мусаффолиги тўғрисида бемалол диссертация ёқлай олади. Динни бу қисми борасида профессор бўлиб кетдик.

Узоқ ёзмоқчи эдим. Аммо ёзиш жараёнида худди ўзи билан ўзи гаплашаётган одамдек ҳис қилдим ўзимни. Гўёки ҳеч ким эшитмайдигандек. Авомдан ўпкалайми ёки минбарда туриб мусулмонларни хоинга, сионистларга хизмат қилишда айблаган Имомданми, билмай ҳам қолдим.

Аммобилганим эндиги тренддаги эскирмас мавзу: Янги йил. Бемалол давом эттиришимиз мумкин!

Manba: azon.uz

Киритилди: 05:54 12.12.2018. Ўқилди: 1568 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!