Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев: “Мактаблар учун маблағни аямаймиз!”

Шавкат Мирзиёев: “Мактаблар учун маблағни аямаймиз!”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президентимиз йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб, бу масаланинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтди.

“Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз. Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз. Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Мактаб бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак", деди Шавкат Мирзиёев. 

Видеоселекторда халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, муаммоларни комплекс ҳал этиш масалалари чуқур таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

“Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз”, деди Президент.

Йиғилишда педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари фаолиятини танқидий ўрганиб, такомиллаштириш, уларни энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифалар белгиланди.

Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳимлиги таъкидланди.

Мактаб ҳаёти, фидойи ўқитувчилар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, спектакль ва видеороликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

“Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, деб уқтириб ўтди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда иштирок этган раҳбар ва мутасаддилар, таълим соҳасида фаолият юритаётган тажрибали ва фидойи муаллимлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. 

Киритилди: 07:22 24.08.2019. Ўқилди: 2870 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!