J.P.Morgan банки Саудия Арабистони ва Филиппинни ривожланаётган бозорларнинг маҳаллий валютадаги давлат қарзи индексига (GBI-EM) киритишини эълон қилди.
2027 йилнинг 29 январидан бошлаб амалга ошириладиган ушбу ўзгариш доирасида Саудия Арабистонининг 69 миллиард долларлик суверен қийматли қоғозлари ва Филиппиннинг 49 миллиард долларлик давлат қарз ҳужжатлари глобал инвесторлар томонидан кузатиладиган индексдан жой олади.
Янги қоидаларга кўра, индексдаги мамлакатлар учун максимал улуш лимити 10 фоиздан 9 фоизга туширилади. Бу Хитой, Ҳиндистон ва Индонезия каби йирик бозорларнинг индексдаги вазни бироз камайишига олиб келади. Саудия Арабистонининг якуний улуши 2,52 фоиз, Филиппинники эса 1,78 фоиз бўлиши кутилмоқда. Ушбу қарор мазкур икки давлатнинг молия бозорларига миллиардлаб долларлик хорижий капитал оқиб келиши учун йўл очади.