Ўтган ҳафта якунида юртимизда ҳаво ҳароратининг пасайиши ва ёғингарчилик аҳолининг ҳам, коммунал хўжалик идораларининг ҳам куз-қиш мавсумига ҳозирлигини синовдан ўтказди. Тайёргарлик юмушларини ўз вақтида амалга оширган масъуллар, корхона ва ташкилотлар бу ишларнинг қанчалик сифатли бажарилганини амалда кўрди. Ҳали қишгача фурсат кўп-ку, деб хотиржам юрганлар эса саросимага тушиб қолди...
– Бу йил ҳам мавсумга тайёргарликни ёз ойлариданоқ бошлаганмиз, – дейди Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Ф.Нажмиддинов. – Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қарорлари асосида шаҳарда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар дастури тузилиб, ижроси таъминланмоқда. Жумладан, шаҳардаги кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш ва ҳудудларини ободонлаштириш учун 1 октябрь ҳолатида 11,1 миллиард сўм банк кредити ва 1,1 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилди. Шунинг ҳисобидан шаҳардаги 38 та кўп қаватли уйнинг том қисми мукаммал ва 182 таси жорий таъмирланди. 103 та уй-жойнинг фасад қисми, 160 тасининг ертўла муҳандислик тармоқлари, кириш йўлаклари таъмирланди. 141 та кириш йўлагига темир эшик ўрнатилди, 263 та эшик кодли қулф билан жиҳозланди. Шаҳарда мавжуд 227 та лифтнинг 46 тасида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, 6800 кв.метр уй-жой олди йўлакларида бетон қоплама ётқизилиб, 250 метр ирригация тармоқлари тартибга келтирилди. Кўп қаватли уйлар атрофида 384 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 16 та болалар майдончаси қурилди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 1024 та кўп қаватли уйнинг 725 таси иссиқлик таъминотига эга эмас. 130 та уй ўзининг аввалдан мослаштирилган газ печкаси орқали, 88 таси индивидуал квартира қозонхоналар ёрдамида, 55 таси “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси қозонхоналари билан, 20 таси локал қозонхоналар орқали иситилади.
Ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида иш олиб борилмоқда. Бу борада “Иссиқлик манбаи” ДУК Финляндия компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришмоқда. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида Сартепа, Суғдиёна, Микрорайон ва Марҳабо масканларидаги 377 та кўп қаватли уй ва 26 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик етказиб берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, бу йил кўп қаватли уйлардаги хонадонларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган икки контурли қозон ўрнатиш бўйича ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Ҳозирги кунга қадар шаҳардаги 700 дан ортиқ хонадонга бундай қозонлар ўрнатилди.
33 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканида 127 та кўп қаватли уй-жой мавжуд. Уларнинг 22 таси 9 қаватли бўлиб, қолганлари 4 ва 5 қаватдан иборат. Кейинги йилларда ушбу уй-жойларни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб таъмирлаш, коммуникация тармоқларини янгилаш орқали аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.