Бугун 21 апрель, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Сардор Мамадалиев: "Райҳон ва Шаҳзода билан дует куйлаш? Бунинг менга кераги йўқ"

Сардор Мамадалиев: "Райҳон ва Шаҳзода билан дует куйлаш? Бунинг менга кераги йўқ"

Бу хонандани кўпчилик ўта кибрли ва камгап ижодкор деб билади. Аммо у билан суҳбатлашган инсон юқоридаги таърифлар ҳақиқатдан узоқлигини дарҳол англайди. Боиси Сардор Мамадалиев мулоҳазали, ҳазилни ҳам ўрнига қўядиган инсон. У билан суҳбатлашган инсон ҳеч зерикмайди. У Доктор пресс газетасига интервью берди.

Сардор ака, суҳбатни болалигингиз билан боғлиқ хотираларни эслашдан бошласак, қарши эмасмисиз?

Болаликданоқ санъатга меҳрим баланд бўлган. Баъзи болалар сингари кўча чангитиб, шўхлик қиладиган бола бўлмаганман. Мактабдан келиб, тушлик қилардим-у, гитара ёки тор чалишни машқ қилардим. Шеърларга ўзимча мусиқа басталаб ижро этардим. Кун тартибим деярли ўзгармасди.

Одатда, болаларнинг орзулари тез-тез ўзгаради. Сиз қайси соҳаларда ишлашни орзу қилгансиз?

Менинг олий мақсадим фақат санъаткор бўлиш эди. Аммо яқинларим ҳуқуқшунос бўлишимни орзу қилишарди. 2000 йили ўрта мактабни тамомлаб, санъат коллежига ҳужжат топшираман деганимда, қароримга отамдан ташқари барча оила аъзоларим қарши бўлишган. Оиламизда санъаткорлар йўқлиги боис бу соҳада ўз ўрнимни топишимга ишонишмаганди. Аммо мен танлаган йўлимдан қайтмадим, аввал санъат коллежида, ундан кейин Ўзбекистон давлат консерваториясида таҳсил олдим.

Акангиз ҳам санъаткор бўлишни орзу қилган экан...

Илк устозим ҳам акам Авазбек Мамадалиев ҳисобланади. Менга тор ушлаб, қўшиқ куйлашни ҳам у ўргатганди. Афсуски, унинг санъаткор бўлиш орзуси амалга ошмади. У ҳуқуқшунослик соҳасини танлади. Бугун ўз ишидан маъмнун.

Тингловчи сифатида қандай қўшиқларни мириқиб тинглайсиз?

Менинг санъатда ўз кумирларим бор. Мусиқа ва ижро борасида улардан андоза олишга, энг сара янгиликларини ўзбек санъатига ҳам олиб киришга ҳаракат қиламан. Кейинги пайтларда кўпроқ жаз ва рок мусиқаларини эшитяпман.

Таваккал қилишдан қўрқасизми?

Йўқ, ҳаётда таваккалчи инсонман. Аммо хаёлот билан яшамайман. Уддасидан чиқишимга ишонган ишга қўл ураман.

Ижодда шахтам одимлайсиз. Қайсидир маънода қисқа муддатда машҳурликка ҳам эришдингиз...

Четдан туриб баҳо бериш осон (кулиб).

Сиздан аввал саҳнага қадам қўйган-у, аммо ҳеч қандай натижага эришмаганлар кўплаб топилади.

Тўғри. Лекин бу осонликча машҳур бўлдингиз дегани эмас. Санъатга кириб келишим қанчалик қийин бўлганини атрофимдаги инсонлар яхши билишади.

Ижодда бир тўхтамга келишингиз осонми? Умуман қўшиқ яратишда кимнинг маслаҳатига суянасиз?

Кўнглимга қулоқ тутаман. Шеър борасида акам билан ёки яқин шоирларим фикрини ўрганаман. Аммо мусиқа танлаш ва ижро борасида анча инжиқман. Мусиқадан ўзим истаган нотани топмагунимча, уни ижро этишга ҳеч ким кўндиролмайди (кулиб).

Одатда, плагиат дан узоқроқ юришга ҳаракат қиласиз. Балки, ўзингиз қўшиқларга мусиқа басталашингизнинг ҳам асосий сабаби шудир?

Плагиат ижодий ўғирлик саналади. Бировнинг мулкига кўз олайтирган инсондан қанчалик нафратлансак, ижодий ўғирлик эгалари ҳам шундай муносабатга лойиқ, деб ҳисоблайман. Аммо ўғирлик билан таъсирланиш, бирор қўшиқдан илҳомланишнинг ўртасида катта фарқ бор. Масалан, мен грек ва балкан қўшиқларини кўп эшитаман, улардаги оҳанг, нола ва қочиримларни ўз ижроларимда ҳам қўллашга ҳаракат қиламан.

Кейинги пайтларда, асосан, сюжет жанридаги клипларни суратга олдиряпсиз. Клип ғоялари кимга тегишли?

Клип борасида доимий ҳамкорларим Ҳуршид ва Нодир Собировлар билан маслаҳатлашаман. Бир-биримиз билан фикр алмашиб, сюжет борасида бир тўхтамга келамиз.

Қайси қўшиқнинг клипи машҳур бўлишини олдиндан тахмин қила оласизми?

Клип суратга олишга шошилмайман. Боиси, қўшиқнинг машҳурлиги, аввало, унинг ўзига, матни ва ижросига боғлиқ. Ҳар йил концерт учун 12 та янги қўшиқ тайёрлайман. Концертдан сўнг уларни халқ орасида куйлайман. Бир неча ойлик кузатувлардан сўнг мухлисларга манзур бўлган қўшиққа клип суратга оламиз. Баъзида ўзимга унчалик маъқул бўлмаган қўшиқ ҳам мухлисларга манзур бўлади. Масалан, Шойи рўмол қўшиғи ўзимга ёқмаган, унга клип суратга олишни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Аммо қўшиқ мухлисларга ёққач, унга клип суратга олдик.

Яқинлар даврасида қандай инсонсиз? Саҳнадаги жиддийлик имижи дан воз кеча оласизми?

Яқинларим феъл-атворим қандайлигини яхши билашиди. Айримлар ўйлагандек, кибрли, манман эмасман. Ҳамма қатори оддий, кимгадир фарзанд, кимгадир укаман. Ижодкор қўшиқ ичида яшаши керак. Мен танлаган мавзулар жиддий ва долзарб. Уларни шунчаки табассум билан ижро этиб бўлмайди.

Агар сизга Райҳон ёки Шаҳзода сингари санъатимизнинг ёқимтойлари дуэт куйлашни таклиф қилишса, қай бирини қабул қиласиз?

Мен профессионалликка интилаётган хонандаман. Райҳон ва Шаҳзоданинг санъатдаги ўрни билан меники ўртасида катта фарқ бор. Биз кўпинча қўшиқчи ва ашулачи сўзларини бир-бирига синоним деб биламиз. Аслида, улар даража жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилади. Қўшиқчининг тарозиси анча енгил, ашула эса мукаммал мусиқий асар ҳисобланади. Балки, улар билан дуэт куйласам, ёшлар орасида рейтингим кўтарилар, аммо менга бундай натижа эмас, санъатдаги ўзига хослик муҳим аҳамиятга эга.

Рўзғорда эр йигит қилиши керак бўлган қайси ишларни бажара оласиз?

Охирги марта қачон оила даврасида кечки овқатни едингиз деб сўранг (кулиб). Ростини айтганда, уйда жуда кам бўламан, бозор-ўчар қилишга ёки кичик таъмирлаш ишларини ҳам қилишга вақтим йўқ.

Мириқиб рақс тушган кунингизни эслай оласизми?

Талабалик пайтлари курсдошларимиз билан кичик зиёфатлар ташкиллаштириб турардик. Ўшанда рақс тушганман, аммо бу шунчаки курсдошларимнинг илтимоси учун эди, холос. Табиатан рақс тушишни ёқтирмайман.

Отангизнинг қайси хислатлари ўзингизда жам бўлишини орзу қиласиз?

Ҳар бир фарзанд учун ота-онаси идел шахслар ҳисобланади. Дадамнинг барча хислатларига ҳавасим келади. У анча йиллардан буён ташкилот раҳбари, унинг нотиқлик, сардорлик қобилиятига тан бераман. Онам фарзанд тарбиясида бироз қаттиққўл, дадам эса замонавий фикрлайдиган, меҳр билан қаҳрни бирдек қўллай оладиган инсон.

Одатда, қандай йўл қоидасини бузасиз?

Кўпинча хавфсизлик тасмасини тақишни унутиб қўяман. Баъзан атайин тақмайман. Уни тақсам, юрагим сиқилиб кетади (кулиб). Аммо эътиборли ва сезгир ҳайдовчиман. Дадамнинг Борадиган еринггга беш дақиқа олдин бординг нима-ю, кейин бординг нима! деган сўзларига доимо амал қиламан.

Айни баҳор кунларида кишини ҳолсизлик ва чарчоқ қийнайди. Сиз уларни қандай енгасиз?

Табиат қонунларига қарши бориб бўлмайди. Баҳорда бундай ҳолатнинг кузатилиши табиий ҳол. Организм ҳам қурилма эмас, у фақат ҳаракатланиб туриши керак, деб ўйлаганлар қаттиқ янглишади. Агар ўзимда кучли чарчоқни ҳис қилсам, ҳеч нарсага қарамай дам оламан. Агар уйқу ҳам менга ҳаловат бағишламаса, ҳордиқ учун табиат қўйнига ёки хориж сафарига йўл оламан. Вақти-вақтида муолажа олишга ҳам одатланганман. Одам фақат касал бўлганда соғлигига эътибор бермай, ундан аввал эҳтиётини қилса, жони озор кечмайди.

Овоз ширали бўлиш учун тухум ютишлари ҳақида эшитгандим. Сиз ҳам тонг саҳарда тухум ютиб турасизми?

Шундай дейишади-ку, аммо мен бунинг фойдасини сезмаганман. Агар шундай бўлганида, истаган киши тухум ютиб, ҳофиз бўлиб кетган бўларди (кулиб). Ҳаммаси фақат меҳнатга боғлиқ.

Мухлисларга қандай тилакларингиз бор.

Саломатлик инсонга берилган энг катта неъмат ҳисобланади. Шундай экан, барча ҳамюртларимизга, аввало, соғлиқ, тинчлик ва оилавий бахт тилайман.

Киритилди: 12:16 14.03.2019. Ўқилди: 1877 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!