Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» халқаро мукофоти ҳакамлар ҳайъати йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Рим Папаси Лев XIV билан учрашди.
Учрашув давомида мукофотнинг маданиятлараро ва динлараро англашувни кенгайтиришга қаратилган фаолиятининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар ишонч, мулоқот ва ўзаро ҳурматга асосланган ёндашувларни халқаро миқёсда илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари, жумладан католиклар ҳам тинчлик, тотувлик ва бағрикенглик муҳитида яшаётгани қайд этилди. Мукофот ана шу қадриятларни жаҳон миқёсида мустаҳкамлашни мақсад қилгани таъкидланди.
Шунингдек, бутун дунёда ишончни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик тамойилларини илгари суриш ва инсоний биродарлик ғояларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар устида ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.