Россия президенти Пашинянга Арманистоннинг бошқа ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонуни ЕОИИдан чиқишни англатишини айтди ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш йўналишини тезроқ аниқлашга чақирди.
Россия президенти Владимир Путин Бишкекда Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашувда Ереваннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истаги мамлакатнинг қонуний ҳуқуқи эканини, бироқ бу Арманистоннинг ЕОИИдаги иштироки билан боғлиқ айрим қийинчиликларни келтириб чиқаришини билдирди.
Путиннинг сўзларига кўра, Москва Арманистон билан муносабатларни келгусида қандай ривожлантириш кераклигини тушуниши зарур. У республика Европа Иттифоқига қўшилиш масаласида қанчалик тез қарор қилса, шунчалик яхши бўлишини айтди ва референдум ўтказишни таклиф қилди. Унда Арманистон халқи Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида танлов қилиши мумкин.
Россия президенти, шунингдек, Арманистоннинг ЕОИИдан чиқиш бўйича амалдаги баёноти сифатида нимани қабул қилиш мумкинлигини белгилаб берди. Унинг айтишича, бошқа халқаро ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилиниши амалда мамлакатнинг амалдаги ташкилотдан чиқиши ҳақида баёнот беришни англатади.
Путин Россия Арманистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, 2026 йил бошидан бери икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларга етган, Россия компаниялари эса Арманистон бюджетига энг кўп солиқ тўловчи корхоналар ҳисобланади.
Бундан ташқари, Москва ва Ереван атом энергетикаси, транспорт ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Путин Россиянинг Арманистон энергетик хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасини ҳам қайд этди.
24 август куни Пашинян Арманистон яқин вақт ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза топширишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам референдум ўтказиш учун зарур.
Бишкекдаги учрашув Арманистондаги парламент сайловларидан кейин Путин ва Пашиняннинг илк шахсий учрашуви бўлди.