Россия Дума учун cентгабрда ўтказиладиган сайловлардан кейин ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши мумкин — The Wall Street Journal.
Нашрининг америкалик амалдорлар орасидаги манбаларига кўра, Кремл ҳарбий сафарбарликнинг янги тўлқинини эълон қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Уларнинг айтишича, агар Россия раҳбарияти бундай қадам ташлашга журъат этса, бу фақат Давлат думасига сайловлардан сўнг содир бўлади. Сайловларда овоз беришнинг асосий куни 20 сентябрга белгиланган.
"Агар Владимир Путин Донбассни тўлиқ эгаллашга уринишда давом этадиган бўлса, унда сафарбарлик эълон қилишдан бошқа чора қолмаслиги мумкин", — дея фикр билдирди Москва Стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази директори Руслан Пухов.
Захирадагилар ва ҳарбий тажрибага эга бўлган россияликлар хизматга чақирилган сафарбарликнинг биринчи тўлқинидан фарқли ўлароқ, янги тўлқин ҳарбий тажрибаси кам ёки умуман жанг қилишни истамайдиган одамларни қамраб олади, дейилади WSJ мақоласида. Шу билан бирга, бундай қарорнинг сиёсий рисклари фронтдаги ҳарбий устунликка эришишдан кўра оғирроқ тош босиши мумкин.
Аввалроқ Украина президенти Зеленский разведка маълумотларига таяниб, Давлат думаси сайловларидан кейин Россияда сафарбарлик бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, гап “яширин сафарбарлик” ҳақида кетмоқда, чунки Россия ҳукумати барибир жамиятнинг реакциясидан хавотирда.
Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина учун сафарбарликнинг янги тўлқини катта муаммо бўлиши мумкин, чунки Путин 300 мингдан 500 минггача одамни урушга сафарбар қилишни режалаштирмоқда.