Бугун 27 ноябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

“Реал”га қайси футболчи керак?

“Реал”га қайси футболчи керак?

Айни дамда кўпчиликнинг диққат марказида “Реал”нинг трансфер мақсадлари турибди. Боиси бу мавсумда “қироллик клуби”нинг ўйинида кескин пасайиш кузатилди, ҳатто Европа Чемпионлар лигаси финалига чиққани ҳам “Реал”нинг ўйини сусайганини инкор эта олмайди. Шу боис кўпчиликни Мадрид жамоаси ёзда кимни харид қиларкин, деган савол ўйлантираётгани табиий.

БИРИНЧИ ВАРИАНТ — САЛОҲ

Шак-шубҳасиз, “Ливерпуль” ҳужумчиси жуда иқтидорли. Дриблинги жойида, зарбалари ҳам заргарона. Бундай футболчи “Реал”да бемалол ўйнаб кета олади. Аммо бир жиҳатни таъкидлаш керакки, Салоҳ — қанот ҳужумчиси. Агар у “Реал”га ўтадиган бўлса, Зиданнинг асосий муаммоси муаммолигича қолаверади — жамоага марказий ҳужумчи керак. Эҳтимол, бунда франциялик мутахассис Криштиану Роналдунинг орзусини рўёбга чиқариши мумкин, яъни португалиялик ҳужумчини марказга қўйиб, икки қанотга Салоҳ ва Асенсиони ўйнатиш варианти ҳам бор унда. Аммо айни дамда Роналдунинг марказий ҳужумда қанчалик муваффақиятли ўйнай олиши ҳам топишмоқдек гап. Чунки унинг жисмоний имкониятлари айни дамда панд бериб қўйиши мумкин. Ахир марказий ҳужум чизиғи ҳам осон эмас, рақибларнинг тезкор ҳимоячиларини ортда қолдириш мушкул иш. Роналдунинг бир устун томони бор — бош билан ҳаракат қилиш. Аммо ҳар доим ҳам бунга имкон бўлавермайди. Шу боис Зидан таваккал қилмаса керак.

Қолаверса, “қизиллар” Муҳаммад Салоҳ учун жуда кўп пул сўрашяпти, талаблари ҳам катта. Сўнгги хабарларга кўра, “Ливерпуль” мисрлик футболчи учун “Реал”нинг 4 нафар футболчиси — Кейлор Навас, Дани Себальос, Лукас Васкес ва Марко Асенсиоларни сўраган. Ваҳоланки, Асенсио учун “ПСЖ” “Реал”га 150 млн евро таклиф қилганди. Салоҳнинг нархи эса 200 млн еврога тенг. Хуллас, “Реал” юқоридаги футболчилар ёки умуман жуда катта талаб эвазига Салоҳни харид қилгандан кўра ўша маблағ ёки имкониятга иккита-учта яхшироқ футболчи олгани маъқул. Масалан, Асенсиони жамоада олиб қолиб, Себальос ва Васкеснинг ўрнига яна битта яхшироқ футболчи олса бўлади. Шунда Навас ҳам клубда қолади. Умуман, Салоҳ варианти “Реал” учун номаъқулроқ бўлиб турибди. Шунингдек, мисрлик ҳужумчининг ўзи ҳам “Реал”га ўтиш ишқида ёнаётгани йўқ.

ИККИНЧИ ВАРИАНТ — НЕЙМАР

Айни пайтда “ПСЖ” ҳужумчиси Неймарнинг “Реал”га ўтиши ҳақидаги хабарлар ҳар доимгидан-да кучайган. Хўш, агар Неймар “қироллик клуби”га ўтса, бу қанчалик фойда беради? Биринчидан, Зидан марказий ҳужумчи муаммосидан қутулади, Неймар марказда бемалол ўйнай олади.

Қолаверса, бразилиялик футболчининг отаси ўғлининг асл мақсади “Реал” бўлганини таъкидлаб ўтди. Яъни Неймарнинг ўзи ҳам Салоҳдан фарқли равишда Мадрид жамоаси либосини кийишга иштиёқманд. Аммо бу клубда яхшигина муаммога сабаб бўлиши мумкин. Яъни Неймар жамоада биринчи бўлишга ўрганган, биз буни “ПСЖ”да кўрдик ва кўряпмиз. У бош мураббийнинг бошқа футболчини ўзидан юқори қўйишини ҳазм қила олмайди. Кавани билан ўртасидаги можаро ҳам шу характери туфайли келиб чиқди. Агар у “Реал”га ўтса, шундай муаммо юзага чиқади агар Неймар хулқини ўзгартирмаса. Чунки Зидан Неймар келгач, Роналдуни иккинчи даражали футболчига айлантириб қўймайди.

Бироқ Флорентино Пересга бунинг аҳамияти йўқ. У ҳар қандай вазиятда исталган футболчидан манфаат йўлида воз кечиб кета оладиган инсон. Чунки у — бизнесмен. Бизнесда эса шахс қадри биринчи ўринда турмайди. Перес учун Неймарнинг трансфери ҳам бизнес — ғалабалар, совринлар ва уларнинг ортидан келадиган пуллар. Шунинг учун ҳам бразилиялик футболчининг “қироллик клуби” аъзосига айланиши имконсиз ҳолат эмас. Аммо айни ҳақиқат шуки, Неймарнинг трансфери “Реал”нинг марказий ҳужумдаги муаммосини ҳал қилиши ҳақиқатга яқинроқ.

УЧИНЧИ ВАРИАНТ — КЕЙН

Харри Кейн охирги вақтларда ўйини ўхшаб қолгани учун юлдузга айланган футболчи. У барқарор ўйин кўрсатадиган ҳужумчи эмас. Бироқ унинг “Реал”га мос келадиган жиҳатлари кўп — соф имарказий ҳужумчи, совуққон, зарбалари кучли, голни яхши сеза олади. Аммо бизнингча Ла Лигага унинг тўлиқ мослашиб кетиши ва “Тоттенхэм”даги каби тўпурарга айланиши бироз мушкулроқ. Чунки Ла Лига — исталган юлдузни қайтиб порламайдиган даражада ютиб юбориш тажрибасига эга.

Иккинчи томондан, “шпорлар” Кейн учун шунчалик катта нарх сўрашяптики, “Реал” ҳужумчини сотиб олишга ботинолмаяпти. Тан олиш керак, англиялик ҳужумчи етарлича иқтидорга эга, аммо унга белгиланган нарх керагидан анча юқори. Ҳозирги ҳолатда Харри Кейннинг нархи нари борса 150 млн евро, лекин “Тоттенхэм” раҳбарияти уни 200 млн евродан камига сотмоқчи эмас, бу чинакам катта маблағ.

ТЎРТИНЧИ ВАРИАНТ — ЛЕВАНДОВСКИ

“Бавария” ҳужумчиси “Реал”га мос тушади. У ўша “Реал” дарвозасига 4 та гол урганидан кейин барқарор ўйин кўрсатмоқда. Қолаверса, Мюнхен клуби ҳам ҳужумчини жуда қиммат нархламаган, агар “Реал” астойдил истаса 100 млн еврога Левандовскини харид қилиши мумкин. Аммо негадир Флорентино Перес буни унчалик истамаяпти. Афтидан, у польшалик ҳужумчини “ишлатиб бўлинган товарлар” рўйхатига киритди, шекилли, ундан фойда йўқ деб ҳисобламоқда. Лекин Левандовски ҳеч бўлмаганда 2 йил “Реал”га фойда келтира олади.

Умумий олганда, “Реал” қизиқаётган ҳужумчилар сони жуда кўп. Биз шунчаки уларнинг орасида кўпроқ миш-миш тарқалганлари ҳақида фикр билдирдик. Кўрамиз, ёзда Флорентино Перес Зидан билан биргаликда қандай харидларни амалга оширишаркин? Нима бўлганда ҳам, “Реал” бу сафар трансфер бозорида “портлаш” қилса, ажаб эмас.

 

Киритилди: 05:22 18.05.2018. Ўқилди: 6463 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!