Мадриднинг «Реал» клуби 12 август куни бўлиб ўтган учрашувда «Депортиво»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, Тереса Эррера совринини қўлга киритди.
Тереса Эррера соврини — 1946 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинадиган мавсумолди ўртоқлик турнири. Мусобақа Испаниянинг Галисия минтақасидаги Ла-Корунья шаҳрида, «Риасор» стадионида анъанавий тарзда август ойининг иккинчи ярмида ташкил этилади.
Турнир XVIII асрда яшаган ва ҳаётини муҳтожларга ёрдам беришга бағишлаган филантроп Тереса Маргарита Эррера-и-Педроса шарафига номланган.
«Депортиво» мусобақа тарихидаги энг совриндор клуб ҳисобланади — жамоа турнирда 26 марта ғолиб чиққан. «Реал» эса 10 та соврин билан иккинчи ўринда бормоқда. Мадридликларнинг аввалги ғалабалари 1949, 1953, 1966, 1976, 1978, 1979, 1980, 1994 ва 2013 йилларда қайд этилган.
Кейинги ўринларни 6 та соврин билан «Атлетико» ва 5 та соврин билан «Барселона» эгаллаб турибди.
Испания чемпионатининг ўтган мавсуми якунларига кўра, «Реал» 86 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллади. Мадридликлар 94 очко жамғарган «Барселона»дан ортда қолди.
«Депортиво» эса 2025/26 йилги мавсумда Сегундада 77 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, 2026/27 йилги мавсумда Ла Лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.