Бугун 14 май, 2021 йил, жума

O'ZB

Расул Кушербаев: "Йўқолсин бунақа эркаклар"

Расул Кушербаев: "Йўқолсин бунақа эркаклар"

Бугун эрталабдан сурхондарёлик қандайдир ўқимишли врачнинг ўз жиянининг аёли ва ёш болаларни уриб, уйдан хайдамоқчи бўлган видеоси таъбимни ҳира қилди.

Кун шу кайфиятда бошланди.

Билмадим нима учун, бироқ эркак кишининг аёлга қўл кўтаришини кўриш жуда азобли. Ва афсуски бундай ходисалар ўтмишда қолиб кетгани йўқ,  балки айни кунларда ҳам кўз ўнгимизда содир бўлаяпти.

Видеодаги ҳолат бўйича бугуноқ Ички ишлар вазирлигининг масъулларига чиқдим.

Уларнинг билдиришича, махсус ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганишни бошлабди.

Интернет тармоқларида тарқалаётган видеодаги ҳолатдан келиб чиқиб, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари қуйидаги жиҳатларга албатта ҳуқуқий бахо беришлари шарт, деб ҳисоблайман:

Биринчидан, ёши катта эркак (эркак номига номуносиб бўлса ҳам) аёл кишини ёш болалари кўз ўнгида калтаклаб тан жароҳати етказгани;

Иккинчидан, эркак кишининг ёш болаларнинг қорин соҳасига тепиб, уларни кўз ўнгида бола психологиясига салбий таъсир ўтказувчи ҳаракатлар содир этгани;

Учинчидан, ўша зўравон шахснинг ўз номига ўтказиб олган уй жой бўйича мавжуд ҳужжатларнинг асослилиги. Бунда Уй жой кодексига асосан болалари билан бирга шу уйда келин сифатида яшаб, уй жой қурган аёлнинг мулкдор сифатидаги ҳуқуқларига путур етган ёки етмагани;

Тўртинчидан, зўравон эркакнинг ўз жиянининг хотини ва онасини фохишаликда ошкора айблашида тухмат ва ҳақорат  элементларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

Бешинчидан, ушбу эркакдан муттасил калтакланиб келган аёл ва унинг болалари ёрдам сўраб профилактика инспектори ва маҳалла раисига қилган мурожаатлари улар томонидан рад этиб келинганлигининг асослилиги.

Прокуратура органларидан ушбу воқеа бўйича батафсил маълумот ва зўравон эркакнинг ҳаракатлари бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот кутамиз.

Йўқолсин бунақа эркаклар!

Расул Кушербаев, депутат

Киритилди: 17:02 02.05.2021. Ўқилди: 9294 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!