Сурхондарё вилоятининг Узун туманида чорва молига ҳужум қилган бўрини ўлдирган фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Мазкур ҳолат экология қонунчилиги талабларининг бузилиши сифатида баҳоланди.
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа 2025 йил 10 декабрь куни Узун туманининг «Бешкапа» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Қайд этилишича, фуқаро М.И.нинг қўйлари адирлик ҳудудда ўтлаб юрган вақтида бўри ҳужумига учраган.
Фуқаро ёзган тушунтириш хатида чорва молига зиён етказилишининг олдини олиш ва уларни асраб қолиш мақсадида бўрини таъқиб қилганини, ушбу ҳаракатлар натижасида бўри нобуд бўлганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан тузилган далолатнома асосида, фуқаронинг ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 33-моддаси талаблари бузилгани аниқланган. Мазкур қонуннинг 53-моддасига мувофиқ, жавобгарлик чоралари белгиланган.
Шунингдек, фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисми асосида БҲМнинг 20 баробари, яъни 8 миллион 240 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилган.
Келтирилишича, бўри, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, муҳофаза қилинадиган ёввойи ҳайвон турлари қаторига киради. Унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, қийноққа солиш ёки ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш амалдаги қонун ҳужжатларига зид ҳисобланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси аҳолини табиатга, айниқса ёввойи ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқатли бўлишга, экологик қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда бундай ҳолатлар юзасидан хулоса чиқаришда фақат расмий манбаларга таянишга чақирди.