Алимент тўлашдан бўйин товлаётган айрим қарздорлар ўз мажбуриятларини бажариш ўрнига, турли баҳоналар билан яширинишга уринишади.
Бироқ бундай ҳаракатлар фарзанд олдидаги масъулиятдан қочишга ёрдам бермайди.
Бу галги ҳолат ҳам айнан шундай ғайриоддий яшириниш усули билан эътиборни тортди.
32 ёшли фуқаро 2018 йилда чиқарилган суд буйруғига асосан бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши лозим эди. Аммо у йиллар давомида белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширмай, кам миқдорда тўлаб келган
Қарздорнинг яширинган жойини аниқлаш мақсадида 2024 йилда унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва у қидирув тадбирлари давомида топилган эди.
Бироқ шундан кейин ҳам у ўз хулосасини чиқармади. Бу сафар ҳам давлат ижрочиларидан яширинишга уринган қарздор катта қути ичига кириб, устини кўрпача ва турли буюмлар билан беркитиб олди.
Лекин давлат ижрочилари вазиятни синчковлик билан ўрганиб, қути ичида кимдир яширинганини аниқлашди. Натижада қарздорнинг навбатдаги яширинишга бўлган уриниши ҳам самара бермади.
Қарздорга нисбатан мавжуд 44 млн. сўм қарздорлиги сабабли ЖИБ Косон туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Афсуски, айрим ота-оналар фарзандларининг моддий таъминотига масъулият билан ёндашиш ўрнига, мажбуриятдан қочишнинг турли йўлларини излашмоқда. Ваҳоланки, алимент — бу шунчаки қарз эмас, балки фарзанднинг яшаши, таълим олиши ва муносиб вояга етиши учун зарур бўлган таъминотдир.
Қутига яшириниш мумкин, аммо фарзанд олдидаги бурчдан яшириниб бўлмайди!