Бугун 5 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Қуролли можаролар гирдобида қолган болалар тақдирига ким жавобгар?

Қуролли можаролар гирдобида қолган болалар тақдирига ким жавобгар?

Бугунги таҳликали замонда жаҳондаги “аскар болалар” сони 250 минг нафардан ошиб кетгани айтилади.

Дунёда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ёшлар турли иллат ва таҳдидлар, ижтимоий сайтларда тарғиб этилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Бугунги таҳликали замонда жаҳондаги “аскар болалар” сони 250 минг нафардан ошиб кетгани айтилади. Уларнинг ўртача ёши 10–12да бўлиб, жанговар қуроллардан фойдаланишни атиги 40 дақиқада ўрганиб олишган. БМТ маълумотларига кўра, “аскар болалар”нинг 40 фоизини қизлар ташкил қилади. Жаҳондаги қочқинларнинг 80 фоизи хотин-қизлар ва болалар эканлиги ҳам ташвишли ҳолдир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, терроризм бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Яқин Шарқ мамлакатларида болалар кўп ҳолларда катталарнинг вазифасини ўз зиммасига олмоқда. Кўп ҳолатларда болалар “қонли театр”нинг томошабини эмас, балки иштирокчисига айланиб қолмоқда. Ўзини “Ислом Давлати” дея атаётган террор ташкилоти Ироқ ҳудудларида болалар машқ лагерларини барпо этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ерда болаларни нафақат қуролдан фойдаланишга, балки очиқдан очиқ одам ўлдиришга ўргатишди. Ана шундай воқеаларга гувоҳ бўлиб, лагердан қочишга муваффақ бўлган 14 ёшли боланинг сўзларига қараганда, болалар, асосан, бир кеча кундузда 10 соат мобайнида бир-бирлари билан уришиб, жисмоний машқ ўтказар экан. Бундан бир неча йил муқаддам “Ислом Давлати” эълон қилган ташвиқот видеоролигида болаларнинг машқ қилаётгани намойиш этилди. Унда энг ёш террорчи 5 ёшда экани ойдинлашади.

Тарихий манбаларда қайд қилинишича, болалар қадимги асрлардаёқ ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Ўрта асрларга келиб, 14 ёшга тўлган болалар рицарларга ёрдамчи бўлиб, уларнинг қуролларини тозалаб, тунги қоровулликда турган. 18–19-асрларда 8 ёшга тўлган болалар ҳарбий кемаларда тўпларни ўқлаш билан шуғулланган. 19-асрга қадар 10 ёшга тўлган болалар турли мамлакатларнинг армияларида барабанчи сифатида хизмат қилган. Иккинчи жаҳон уруши охирларида фашистлар 14 ёшга тўлган болаларни “кўнгилли” сифатида жанговар ҳаракатларда иштирок этишига рухсат берди. Қизил армия сафларида ҳам фашистларга қарши урушда асосан етим болалардан иборат “полк ўғиллари” бўлгани ҳақида китобларда ўқиганмиз. Катта совет энциклопедиясида 1941-1945 йилги урушда иштирок этган 35 мингдан ортиқ ўқувчи жанговар орден-медаллар билан тақдирлангани айтилади. Бундан ташқари, партизан отрядларида ҳам болалар бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Иккинчи жаҳон урушидан кейин болаларга нисбатан талаблар ўзгарди. 1949 йил 12 августда қабул қилинган Халқаро қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилиш ҳақидаги Женева Конвенциясининг Биринчи протоколига Қўшимчада, 1977 йил июнида қабул қилинган Қўшимча протоколда 15 ёшдан кичик бўлган болаларнинг қуролли можароларда иштирок этиши қатъиян тақиқланади. 1995 йилда БМТ Бош котиби турли мамлакатлар ҳукуматлари ва ноҳукумат ташкилотлари билан биргаликда “18 ёшдан кичик болаларни ҳарбий хизматга чақириш ва уларни ҳар қандай қуролли можароларга жалб қилиниши тақиқланиши борасида чақириқ билан чиқди. Аммо бугунги кунда кўплаб мамлакатларда болалар ҳамон жанговар ҳаракатларда иштирок этмоқда. Айниқса, Африкадаги мамлакатларда давом этаётган қуролли тўқнашувларга болаларнинг жалб қилинаётгани аянчли ва ачинарлидир.

“Аскар-болалар” Африкадаги “даҳшатли касаллик” экани тан олинади. Масалан, Сьерра-Леонеда давом этган фуқаролар уруши давомида 8 мингга яқин киши “аскар-болалар” томонидан ўлдирилганини нима билан оқлаш мумкин? 2008 йилда Конго Демократик Республикасидаги барча ҳарбий гуруҳлар шахсий таркибининг тенг ярми, яъни 30 минга яқинини балоғатга етмаганлар ташкил қилган. Угандада эса “Қаршилик кўрсатиш армияси”нинг 70 фоизи болалар ва ўсмирлардан иборат бўлган. Мамлакатдаги қотиллик ва зўравонликлар катталар қўлидан қурол ва сабоқ олган болалар томонидан содир этилган. Улардан айримларининг ёши 8да экани айтилади. Бу мамлакатда болалар қишлоқларга ҳужум вақтида жангарилар томонидан ўғирланар ва каллакесарлар гуруҳида туриб жанг қилишга мажбур этиларди. Бўйсунмаганлар эса шавқатсизларча ўлдириларди.

Сомали Инсон ҳуқуқлари бўйича Маркази вакилларнинг сўзларига қараганда, ҳукумат кучларининг 20 фоизини, “Жамоат Аш-Шабааб” гуруҳи жангариларнинг 80 фоизини болалар ташкил қилган. Сомалида болалар ўз тенгдошлари билан урушмоқда. Радикал жангарилар бу мамлакатда ўз сафларига болалар ва қизларни жалб қилмоқда. “Ал-Шабаб”нинг маъноси ҳам “ёшлар” демакдир.

БМТ маълумотларига кўра, болаларнинг қўлга қурол олиши бўйича Сомали биринчи ўринда туради. Чунки бу мамлакатда болалар нима билан шуғулланишни билишмайди. 1991 йилда Сомали ҳукумати мамлакатни тарк этганидан сўнг ёш авлод вакиллари кўчада қолди. Болаларнинг кўпчилиги ҳеч қачон мактаб эшигидан ҳатлаб ўтмади. Сомалида аскар болалар кўп вақти ҳарбий хизматда бўлгани учун эмас, балки мактаб мутлақо йўқлиги учун ҳам ўқишдан бебаҳралигича қолмоқда. Дам олиш масканлари нима эканлигини умуман билишмайди. Тўйиб овқат емайдиган болалар сони ҳам ошмоқда.

Душман томон шубҳаланмаслиги учун болалар кўп ҳолларда разведка ишларида ва пистирма қўйишда фойдаланилган. Жанглар олдидан қўрқмасликлари учун айрим ҳолларда болаларга гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар берилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, болалар уйларига қайтмаслиги учун уларга қариндошлари ва қўшниларидан бирини ўлдириш топширилади. Бу ишга қўл урган бола ҳеч қачон уйга қайтмаслиги аниқ. Жангарилар ёш қизлардан хотин ва жангчи сифатида ҳам фойдаланишади. Мьянмада 1997 йилда ташкил этилган қуролли гуруҳга 9 ёшли ака-ука эгизаклар Жонни ва Лютер Хтулар раҳбарлик қилган эди.

БМТ жиноят содир этган болаларга худди катталар сингари жазо қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб келади. Халқаро ташкилотлар ҳукуматларга мурожаат қилиб “аскар болалар”ни жанггариларнинг шериги деб эмас, балки қуролли тўқнашувлар қурбонлари сифатида кўрилишини тавсия қилмоқда. Бироқ қуролли тўқнашувлар тугаган мамлакатларда “аскар-болалар”нинг тинч ҳаётга ижтимоий мослашуви қийин кечмоқда. Жангарилар қуролсизлантирилганидан сўнг “аскар болалар”нинг оиласини қидириб топишдек мураккаб вазифа туради. Болалар ўзларини айбдор санаганлари боис жамиятга мослашувида муаммолар билан тўқнаш келади. Америка психологларининг фикрича, уруш вақтида болалар тезда улғаяр экан.

БМТнинг Болалар жамғармаси маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилликларда жаҳоннинг турли “қайноқ нуқта”ларида 2 миллионга яқин бола ҳалок бўлиб, 6 миллион бола жиддий жароҳат олгани туфайли ногирон бўлиб қолган. Ҳалок бўлганларнинг салкам ярим миллиони аскар-болалардир. Манбаларда Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида ҳар ўнта боланинг биттаси у ёки бу қуролли гуруҳнинг аъзоси экани айтилади.

ЮНЕСКО Шри Ланкадаги айирмачиларнинг “Тамил Илама озодлик йўлбарслари” ташкилоти раҳбариятига мурожат қилиб, жангговор ҳаракатларда болалардан фойдаланиш амалиётини тўхтатишга чақирди. Аммо 2002 йилда ўт очишни тўхтатиш борасида эришилган битимдан сўнг Тамил жангарилари ўз сафларига 5 минг 400 га яқин болани жалб қилди. Кўриниб турибдики, “Озодлик йўлбарс”лари сафларида 10 мингга яқин жангари бўлса, уларнинг тенг ярмини болалар ташкил қилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, автомат қуролларни ишлатиш осонлашгани боис ундан болаларнинг фойдаланишида деярли қийинчиликлар учрамаяпти. “Аскар-болалар” инсоний қадр-қиммат деган тушунчанинг нималигини билмаган ҳолда қўлига қурол олаётгани ачинарли, албатта. Жангариларнинг ёш болалардан фойдаланиши нисбатан арзонга тушади. Халқаро Меҳнат ташкилоти мутахассисларининг фикрича, Марказий Африкадаги “аскар-болалар”нинг 94 фоизи ҳеч қачон қўлида пул ушламаган. Болалар қурол ва автоматлардан бошқа ҳеч нарса талаб қилмайди.

Африканинг айрим мамлакатларида ота-оналар жангариларнинг босқинидан қўрқиб болаларини ўз ихтиёрлари билан уларга бериб юбормоқда. Чад, Судан каби мамлакатларда ҳам болалар ёшлигини хароб қилиб қўлда қурол билан кимларнингдир манфаати учун курашмоқда, қурбон бўлмоқда. Чадда болалар ҳукумат кучлари сафларида ҳам, ҳукуматпараст қуролли гуруҳларда ҳам, қишлоқлардаги ўзини мудофаа қилиш отрядларида ҳам хизмат қилади. Афғонистонда камбағал ота-оналар фарзандларини қуролли гуруҳлар сафига жўнатишга мажбур бўлмоқда. Энг ачинарлиси, болаларда ўлимга нисбатан қўрқув ҳисси йўқ. Улар ўзларини кимдир ўлдириши мумкинлигини билмаган ҳолда жангга киради. Улар дастурхон атрофида оила аъзолари – ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари билан суҳбатлашиш ўрнига қўлда қурол билан одамларни ўлдирмоқда.

Болаларнинг қуролли можароларда иштирок этаётгани халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол суратда бузилаётганидан далолатдир.Ҳарбий можаролар давом этаётган мамлакатларда болалар урушни оддий кўриниш сифатида қабул қилишга ўрганиб қолгани фожеа эмасми? Қуролли можаролардаги болаларнинг аянчли тақдири учун ким жавоб беради?

Шукурки, Ўзбекистонимизда тинчлик, хотиржамлик. Ўқ овозлари эшитилмайди. Мусаффо осмонимизда қуёш порлаб турибди. Озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар йўқ. Болалар шоду хуррамликда боғча, мактабга боришади. Хоҳлаган ўйинчоқларини ўйнаб, китоб ўқишлари, фильм томоша қилишлари учун барча имкониятлар яратилган.

Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларининг таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши, ижодий-интеллектуал қобилиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиши йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

ЎзА

Киритилди: 03:56 30.05.2018. Ўқилди: 4169 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!