Мажбурий ижро бюроси Қўнғирот туман бўлими томонидан солиқ қарздорликларини ундириш ишлари жадаллаштирилмоқда.
Хусусан, бўлим томонидан туман солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда ишчи-гуруҳлар тузилган бўлиб, улар жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқ қарздорликларини ундириш, шу орқали давлат бюджетига пул йўналтириш ишларини асосий вазифа қилиб қўйишган.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида, солиқ қарздорлигини ундиришга оид жами 44 млрд. 899 млн. сўмлик 1 938 та ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланиб, шундан амалда 31 млрд. 155 млн. сўм ундирилган.
Қолдиқда бўлган 37 млрд. сўмлик 1 218 та ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида ундирув қарздорларнинг мол-мулкларига ва иш ҳақларига қаратилмоқда.
Масалан, жорий йилнинг 16-июль куни олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида, бўлим иш юритувидаги қарздор фермер хўжаликнинг 292 млн. сўмдан ортиқ солиқ қарзи бўйича унга тегишли “Volkswagen” русумли ҳамда "Алмас Салтанат" фермер хўжалигининг 296 млн. сўм солиқ қарзи бўйича унга тегишли “BYD” русумли автотранспорт воситалари тегишли тартибда хатловга олинган.
Қарздорларга юзага келган солиқ қарзи бартараф этилмаса, хатланган мулклар аукцион савдосига чиқарилиши ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Шу каби қарздорлар ва уларнинг мол-мулки ҳисобидан ундирилган пул маблағлари давлат бюджетига йўналтириладиган бўлиб, бу эса ўз навбатида ижтимоий соҳанинг барқарорлигига ўз таъсирини ўтказади.
Бу борадаги тадбирлар давом этмоқда.