Бугун 7 июль, 2020 йил, сешанба

O'ZB

Қўл нега титрайди?

Қўл нега титрайди?

Одам кексайгани сари кўриши, эшитиши заифлашиб боради. Айниқса, қўлларнинг титраши энг кўп учрайдиган ҳолат. Баъзан кучли титроқдан юмушларни бажариш қийинлашади. Нега?

— Титроқ баъзи мускул гуруҳларининг ихтиёрсиз ритмик тебранишидир, — дейди олий тоифали невропатолог Нозима НУРМАТОВА. — Бу тебраниш тананинг қўл, бош, тил сингари турли қисмларида кузатилади. Қўллардаги титроқ тиббиётда у қадар хавфли ҳисобланмайди. Бироқ у тананинг бошқа қисмларида кечадиган бўлса, инсонда жиддий касаллик мавжуд бўлиши мумкинлигини англатади.

Сабаби

Бу ҳолатнинг сабаби икки хил. Бири наслий тусга эга. Агар ота-онада бирор касаллик мавжуд бўлса, болада ундан азият чекиш эҳтимоли ошади. Наслий титроқ боланинг исталган ёшида юзага келиши мумкин. Иккинчи сабаб — бош мия структураси билан боғлиқ. Бундай титроқ бош мия, мияча ҳамда қизил ядро ўзаро мослашувининг нотўғри кечиши туфайли келиб чиқади.

Бундан ташқари, титроққа айрим касалликлар ҳам сабаб бўлади. Масалан, паркинсон (марказий асаб тизими фаолиятининг бузилиши), буйрак ва жигар етишмовчилиги, инсульт ва ҳоказолар. Шу билан бирга, бош миядан жароҳат олганда ва заҳарланиш оқибатида ҳам титроқ пайдо бўлади.

Ҳаяжонда кучаяди

Оддий титроқ наслий ҳисобланади. У одатда қўл, бош ва товуш боғламларининг титраши билан кечади. Бу касаллик оилавий характерга эга бўлгани боис ота-онадан фарзандга ўтади. Титроқнинг мазкур кўриниши кўп ҳолларда организмда 50 ёшдан сўнг пайдо бўлади. Бироқ анча эрта ҳам кузатилади. Баъзан бемор чарчаганда ёки кучли эмоционал ҳолатни бошдан кечирганда, титроқ маълум миқдорда кучлироқ частотада содир бўлади.

Инсон эмоционал зўриққанда, совуқдан ёки оч қолганда титроқ кучаяди. Бундай беморларга ручкада ёзиш қийинчилик туғдиради. Титроқнинг кучайиши ақл ва хотирага салбий таъсир ўтказмайди. Тинч ҳолатда нисбатан кам бўлади, ҳаяжонланганда эса кучаяди. Қолаверса, бошнинг «ҳа-ҳа» ёки «йўқ-йўқ» шаклидаги тебранма ҳаракати, тилнинг оғиз бўшлиғидан чиқарилгандаги титраши, суҳбат давомида товушнинг титраши ҳам касалликнинг белгисидир. Бироқ уйқу вақтида беморда ҳеч қандай титроқ кузатилмайди.

Асабларни асранг

Титроқ босганда энг аввало, мутахассис кўригидан ўтиш лозим. Даволаш муолажаларини шифокор назоратисиз амалга ошириб бўлмайди. У комплекс равишда амалга оширилади. Титроқ частотасини пасайтириш, кучайишининг олдини олиш мақсадида дори воситалари ёрдамида ва номедикаментоз терапия, лозим бўлса, хирургик даво муолажалари қўлланилади.

Титроқни даволашда инсоннинг руҳий ҳолатини яхшилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳамма нарсанинг фақат яхши тарафини кўриш, арзимаган нарсага жаҳл қилмаслик керак. Психологик машқлар ҳам бунда катта ёрдам беради. Айниқса, инсонни ўзини ўзи бошқариш ва назорат қилишга ўргатувчи машғулотлар хотиржамликни сақлашда фойда қилади. Бу ўринда физоодаво ва беморни санатор-курорт даволаш ҳам тавсия этилади.

Manba: od-press.uz

Киритилди: 06:15 14.01.2020. Ўқилди: 1967 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!