Қозоғистонда яшаш гувоҳномаси олиш учун қозоқ тилини билишнинг янада юқори даражаси талаб этилади, деб DW’га ҳукумат амалдорларидан бири тасдиқлади.
13 апрелдан буён Қозоғистонга кўчиб келган Россия ва Украина фуқаролари, улар орасида қондошлар ҳам (чет элда яшаган этник қозоқлар — таҳр.) доимий яшаш гувоҳномаси олиш учун ариза топширишда рад жавобларини ола бошлади. Релокантлар Telegram-чатларида қайд этилишича, жорий этилган мажбурий қозоқ тили тестидан деярли ҳеч ким ўта олмаган.
Яшаш гувоҳномасига даъвогарлар migration.enbek.kz сайтида талаб этилган A1 даражаси (тилни базавий билиш — таҳр.) ўрнига, энди гўёки B2 даражаси (эркин мулоқот қилиш, мураккаб матнларни тушуниш — таҳр.) талаб этилаётганини билдирган. Гувоҳнома олиш қоидалари ўзгаргани ҳақида ҳозирча ҳеч қаерда расмий тасдиқ пайдо бўлмаган.
DW билан суҳбатда Олмаота миграция хизмати вазиятга изоҳ беришдан бош тортди, бироқ ҳозирда Остонада маслаҳатлашувлар кетaётганини қайд этди. «Бизга изоҳ бериш тақиқланган. Ҳозир бу масала келишилмоқда. Маълумот учун ҳукумат тузилмаларига мурожаат қилинг», — дейилган хизмат раҳбарининг қабулхонасида.
Бир қатор ҳукумат амалдорлари билан суҳбатлардан маълум бўлишича, Қозоғистон миграция сиёсатида ҳақиқатан ҳам жиддий ўзгаришлар юз берган. Энди чет элликларга яшаш гувоҳномасини бериш учун Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги масъул. 13 февралдан у «рақамли скоринг» деб аталувчи — тўловга қобилиятлик ва ишончлиликни баҳоловчи автоматлаштирилган тизимни жорий қилган, у Қозоғистонда доимий яшашни истаган барча хорижий фуқароларни истисносиз текширади. Унинг доирасида ҳар бир иммигрант, биринчи навбатда, қозоқ тилини B1 даражасида билиш бўйича тест топшириши шарт.
«10 апрелгача рақамли скорингнинг биринчи бандида ҳақиқатан ҳам элементар A1 даража бўлган. Иккинчи банд ўзгармади — оила таркиби, маълумот даражаси, иш стажи, компетенцияси, соғлиғи ҳолати ва Қозоғистонда қариндошлари бор-йўқлиги текширилади. Аввалгидек, мамлакат иқтисодиёти учун айниқса талаб юқори бўлган мутахассисларга устунлик берилади», — деди DW’га амалдорлардан бири.
Яна бир қатор янгиликлар ҳам киритилмоқда. Энди аризани ҳукумат устувор деб белгилаган етти ҳудуддан бирига топшириш мумкин. Даъвогарларнинг маҳаллий ижро органларида махсус суҳбатдан ўтиши ҳам муҳим ҳисобланади.
Янги қоидалар истисносиз барча чет элликларга — нафақат россияликлар ёки украиналикларга, балки қўшни Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига, шунингдек кейинги вақтларда Қозоғистон шаҳарларида анча кўпайиб қолган Хитой фуқароларига ҳам тааллуқли бўлади.